Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим мактабларини замонавий компьютер техникалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Умумтаълим мактабларининг компьютер синф хоналарини замонавий компьютер техникаси ва бошқа техник воситалар билан таъминлашга қўйилган минимал меъёрлар ва техник талаблар тасдиқланади.
Бунда, 1 комплект компьютер синфлари тўплами ичида 17 донадан компьютер техникаси ва бошқа техник воситалар, шундан, компьютер синф хоналари учун 16 дона (15+1), ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари хонасига 1 дона компьютер техникалари билан таъминлаш назарда тутилади.
2023-2024 йилларда умумтаълим мактабларини замонавий компьютер синф хоналари ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилинади.
Шунингдек:
ўқувчи ёшларга дастурлаш соҳасида таълим олиш бўйича имкониятлар яратилади;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган maktab.uz, kitob.uz, Edukids, Smartland каби электрон таълим платформа (ресурс)лар ва бошқа таълим ресурслари ўрнатилиб дарс жараёнида самарали фойдаланишга имкон яратилади;
умумтаълим мактаблардаги ўқув жараёнларини бошқариш “Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ахборот тизими — erp.maktab.uz” дастурий мажмуаси орқали амалга оширилиши, “Электрон кундалик” тизими орқали ўқувчиларнинг давомати ва ўзлаштиришлари директор ўринбосарлари томонидан онлайн мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилаётганидан келиб чиқиб, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳам замонавий компьютер техникаси билан таъминланади;
умумтаълим мактаблари учун юқори тезликда ва чекловларсиз кириш имконини берадиган интернет жаҳон ахборот тармоғи хизматлари бўйича тариф режалари жорий этилади.
Умумтаълим мактабларининг компьютер синф хоналарини замонавий компьютер техникаси ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш учун:
Ўзбекистон республика бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги учун 2024 йилда 100 млрд сўм назарда тутилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2023 йилда 100 млрд сўм, 2024 йилда 100 млрд сўм ажратилади.