1. “Темир дафтар”га киритилган оила аъзолари ишга жойлаштирилади деб ёзмоқда “Hudud24.uz”
“Темир дафтар”даги оилаларнинг ишсиз аъзолари бандлигини таъминлаш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
- янги иш ўринларига ишга жойлаштириш;
- мавжуд вакансия ва захира (квота) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
- қишлоқ хўжалиги бўлимлари билан биргаликда кооперативларга жалб этиш, ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш ва оборотдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш ҳисобига бандликни таъминлаш;
- касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил равишда банд қилишни ривожлантиришга доир фаолиятни ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш;
- қурилиш объектларига ишга жойлаштириш.
2. Томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилади
“Темир дафтар”га киритилган оилаларда қуйидаги йўналишларда кўмаклашилади:
- енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;
- парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;
- “Томорқа хизмати” ташкилотлари ва “Дала дўконлари”ни ташкил этиш.
“Темир дафтар”га киритилган оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 0,1 гектардан 1 гектаргача ер участкаларини очиқ электрон танлов асосида ижарага бериш, ажратилган ер майдонларини суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ва электр энергияси билан таъминлаш, берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ, кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратиш ишлари амалга оширилади.
3. Тадбиркорликка жалб қилинади
Оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
- бизнес лойиҳаларни ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузишни ўргатиш;
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредит олишга кўмаклашиш;
- кредит ажратилгандан сўнг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар тадбиркорлигини ривожлантиришни доимий қўллаб-қувватлаш.
Кредитлар “Темир дафтар”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.
4. Моддий ёрдам кўрсатилади
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.
Бир марталик моддий ёрдамни тўлаш учун оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасидан келиб чиқиб (ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт серияси ва рақами кўрсатилган ҳолда) бир марталик моддий ёрдам бериш миқдорлари кўрсатилган рўйхат туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этилади.
Тасдиқланган бир марталик моддий ёрдам тўловлари ҳар ойнинг 5 — 27-кунларида амалга оширилади.
Бир марталик моддий ёрдам ажратиш календарь йил давомида бир марта амалга оширилади.
5. Тиббий хизмат кўрсатилади
Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тиббий хизмат кўрсатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- тиббий ёрдамга муҳтож оилалар бошқарув офиси томонидан тегишли тиббиёт ходимини жалб қилинган ҳолда ўрганилади;
- ўрганиш натижаси бўйича касаллиги аниқланган ва тиббий ёрдамга муҳтож оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтиш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасига юборилади;
- тиббий кўрик натижаси юзасидан кўрсатма бўйича оила аъзолари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида стационар ёки амбулатория шароитда даволанади;
- ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.
“Темир дафтар” қандай шакллантирилади?
“Темир дафтар”га қуйидаги тоифадаги оилалар киритилади:
- кам таъминланган оила, деб эътироф этилган оилалар;
- ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар;
- кам таъминланган якка-ёлғизлар ва кексалар;
- боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар;
- кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзандли моддий кўмакка муҳтож оилалар;
- меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар;
- тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар (сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган ва ногиронлик гуруҳи белгиланмаган аъзолари мавжуд етарли даромад манбаига эга бўлмаган оилалар);
- нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой бўлмаган эҳтиёжманд оилалар.