Ижтимоий тармоқларда Янгиҳаёт тумани 122-боғчада болаларни ухламагани учун оёқларига игна тиқишаётгани айтилаётган видео хабар тарқалган эди.
Буни содир этганликда гумон қилинган шу боғча тарбиячиси С.Э ва амалиётчи Педагогика коллежи ўқувчиси М.Р лар бўйича бугун жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг cайёр мажлис ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати хабар берди.
Суднинг 2023 йил 8 июндаги қарорига кўра, икки нафар ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 4 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Суд томонидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси бошлиғига содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан меҳнат муносабатларидан келиб чиқиб, расмий муносабат билдириш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-моддаси тартибида тақдимнома ҳам чиқарилган.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманидаги 122-ДМТТ мутасаддиларига рўйхатдан ўтмасдан туриб, тарбияланувчиларни қабул қилинганлик ҳолати ва улар учун тўловлар амалга оширилганлигини текшириб, қонуний баҳо бериш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси тартибида Янгиҳаёт туман прокурорига хабарнома юборилди.