Қашқадарёда келин уйининг молхонасидан ўлик холда топилди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, Косон тумани “Бешқўтан” маҳалласи яшаган, 1996 йилда туғилган аёл 2 июнь куни соат 01:30 ларда уйининг молхонасидаги ёғочга руҳиятида ўзгариш бўлгани сабабли арқон билан ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган. Аммо, аёлнинг яқинлари у эри томонидан ўлдирилганини айтишмоқда.
“Бир куни келганида, онажон, куёвингиз мени ўлдираман, деяпти, деб айтди. Болам учта боланг бор ундай қилмайди, дедим. Куёвингиз жуда майдагап, деди. Боламга ишонмабман. Кейин, куёвим ўз оғзи билан айтди, қизим ўзини осмоқчи бўлган экан. Қизимдан сўрасам, куёвим алдаётганини айтди. Қизимни ваҳшийларча ўлдирган, ўлигини таҳқирлаган. Ҳамма ерини кўрсангиз, каллалари, лаблари шиишиб кетган. Қизим бўғиб, ваҳшийларча ўлдирилган”, — дейди марҳуманинг онаси.
Жасадни кўрган гувоҳларнинг сўзларига кўра, танада кўплаб тан жароҳатлари бўлган.
Қайд этилишича, туман прокуратураси ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси берган хабарга кўра, ўтказилган текширувлар натижасида, оила нотинч оилалардан эмаслиги, шу кунга қадар оиласи жанжал бўлмагани, маҳалла фаоллари ўртасида муҳокама қилинмагани, марҳума маҳалладаги фаол хотин-қизлардан бири бўлиб, барча тадбирларда фаол иштирок этиб келган аёл экани аниқланган.