Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларининг йиллик инновацион фаолияти натижалари рейтингини эълон қилинди. Унга кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ турли соҳаларга ихтисослашган ишлаб чиқариш корхоналари ичида 7 ўринни эгалаган. Таъкидлаш жоизки, 2021 йилги рейтингда акциядорлик жамияти 30 ўринда эди.
Ушбу кўрсаткичга эришиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилда самарли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Республика илмий текшириш ва олий таълим муассасалари илмий тадқиқотчилари билан жами 18 та тадбирлар — давра суҳбатлари, форумлар ҳамда анжуманлар ташкил этилди.
Шу жумладан, 2 та халқаро ва республика даражасидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилди. Анжуманлар ташкилий қўмиталарига 200 ортиқ илмий — инновацион мавзулардаги лойиҳалар бўйича тезис ва мақолари келиб тушди.
Жамият ишлаб чиқариш корхоналарида 2023-2026 йилларда ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ қилиш нуқтаи назарида 35 та илмий-инновацион эҳтиёжлар аниқланди. 2022 йилнинг 21-23 ноябрь кунлари ўтказилган “Нефть ва газ соҳасидаги инновациялар” ҳафталиги доирасида илмий-инновацион эҳтиёжлар, жамият ишлаб чиқариш корхоналари инновация бўйича менежерлар томонидан олимлар эътиборига ҳавола қилинди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Илмий техник кенгаши ва Тармоқлараро илмий техник кенгаши йиғилишларида жами 17 та илмий-инновацион ҳамда инвестицион лойиҳалар кўриб чиқилиб тегишли тавсиялари берилди.
Ўтган йил давомида 11 та илмий-инновацион лойиҳаларга шартномалар имзоланганлиги ҳамда 7 та лойиҳалар бўйича амалда бажарилган ишларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ қилинганлиги жамиятнинг Инновация ривожланиш вазирлиги ретингида юқори ўринга кўтарилишида муҳим роль ўйнади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жамият мутахассислари томонидан “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси” доирасида 2023 йилда 68 та илмий-инновацион лойиҳалар бўйича шартномалар имзолаш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир лойиҳа бажарувчи ташкилотларнинг тегишли мутахассислари билан шартномаларни бажариш, олинадиган илмий натижаларни ишлаб чиқаришда қўллаш орқали қўшимча қийматли жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган ҳалқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
2023 йил якунлари бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Республика инновацион фаолияти рейтингида янада юқори ўринларни эгаллашни кўзламоқда.