“Ипак йўли Самарқанд” туристик мажмуасида болалар учун Янги йил хайрия байрам тантаналари бўлиб ўтди. Унда оилавий болалар уйлари ва “SOS болалар маҳалласи” ассоциацияси Самарқанд филиали тарбиянувчилари ҳамда қандли диабет билан оғриган 450 нафар болажон иштирок этди.
Янги йил карнавалида Қорбобо, Қорқиз ва турли эртакларнинг қаҳрамонлари чиқиш қилиб, болалар кўзини қувонтирди, уларга бир олам завқ-шавқ бағишлади. Буни болажонларнинг қарсаклари, эртак қаҳрамонларига қаратилган ҳайқириқлари ва саҳнага чиқиб, ўйнаганларидан ҳам билиш қийин эмасди.

“Самарқанд шаҳар мактабларининг 80 нафар ўқувчисини бу ажойиб тадбирга олиб келдик, – дейди шаҳар халқ таълими бўлими услубчиси Чарос Мавлонова. – Булар кам таъминлаган оилалар фарзандлари ҳамда чин етимлардир. Қаранг, улар қандай хурсанд! Улар ўзларига қаратилаётган эътибордан, катталар меҳридан ўзларини бахтиёр сезишмоқда. Куни кеча биз “Темир дафтар”да турган оилалар фарзандлари ва аълочи ўқувчиларни шаҳар тарихий ёдгорликлари бўйлаб саёҳатини ташкил этган эдик. Ушбу тадбиримиз ҳам болажонларимизга катта таассурот қолдирган эди”.


Болалар ва уларни тадбирга олиб келган тарбиячи ва устозлари билан суҳбатлашиб, Янги йил карнавалига вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларидан эканлигини билиб олдим. Булар орасида “SOS болалар маҳалласи” ассоциацияси Самарқанд филиалининг 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган 71 нафар, Пастдарғом туман 8-оилавий болалар уйи (ОБУ)нинг 10 нафар, шу туман 10-ОБУнинг 7 нафар, Каттақўрғон туман 6-ОБУнинг 7 нафар тарбияланувчилари, Самарқанд туман мактаблари ўқувчилари бор экан.
Самарқанд туман 23- ва 44-умумтаълим мактаблари ўқувчиларини суҳбатга тортиб, уларнинг Янги йил базмидан олган таассуротлари билан қизиқдим. Қизлар тўлқинланган ҳолда, томошалар қизиқарли ўтганлигини ва уларга бир олам қувонч бағишлаганлигини айтиб, ташкилотчилардан ғоятда миннатдор эканликларини билдиришди.


Ташкилотчилар номидан фикр билдиришини сўраганимда, “Ипак йўли Самарқанд” туристик мажмуасининг жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўйича директори Динара Ахметова қуйидагиларни таъкидлади: “Янги йил – оила даврасида, ўз яқинларимиз билан нишонлайдиган байрам. Биз ўзимиз учун энг азиз бўлган болажонларга Янги йил мўъжизасини совға қилиб турганлигимиздан бениҳоят хурсандмиз. Уларнинг қувонч тўла юзлари ва кулгуларини кўриш нақадар мароқли!”. Байрам тадбири охирида унинг ҳар бир иштирокчисига Янги йил совғаси тақдим қилинди. Болажонлар учун ташкил этилган базм Самарқанд вилоят ҳокимлиги, “Ипак йўли Самарқанд” туристик мажмуаси ҳамда Eriell ва Enter Engineering компаниялари томондин қўллаб-қувватланди.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Муаллиф ва Бахтиёр Мустанов туширган суратлар