Юртимизда 300га яқин нефть-газ конлари мавжуд бўлиб, уларнинг захираси 40 йилга етиши аниқланган. Шу билан бирга, уран хомашёси бўйича ҳам 15 йилга етадиган захира мавжуд.
Ҳозирги кунда тахминан 50 млрд. куб атрофидаги газ бор. Бу ҳақда Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси вакили Эркин Назаров «OʼzLiDeP пресс-клуби»нинг навбатдаги сонида маълум қилди.
Назаров бундан кейин ҳам геология қидирув ишлари амалга ошириш натижасида яна захиралар йилдан-йилга топилиши мумкинлигини таъкидлади.
«Бу 40 йилда захирамиз тугайди, деган гап эмас. Ҳар йили геология қидирув ишлари амалга оширилади ва нефть, газ, уран ва бошқа хомашёлар бўйича тўлиқ захиралар аниқланиб борилади», дея қўшимча қилди қўмита вакили.