Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, республикамиз ҳудудига жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган умумий оғирлиги 65 граммдан кўп бўлмаган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари божхона тўловларига тортилмаслиги белгиланган.
Белгиланган меъёрдан ортиқ қисмига эса қонунчилик талаблари асосида божхона тўловлари ундирилади.Айрим ҳолларда давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган божхона тўловларидан қочиш мақсадида божхоначилар кўзларини шамғалат қилишга уринаётганлар ҳам учрамоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан «Даут-ота» чегара божхона постига қўшни Қозоғистон Республикасидан кириб келган “MAN” русумли юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада автотранспорт воситаси салон қисмининг орқа девор томонига хуфиёна тарзда яширилган 68 дона жами оғирлиги 674,8 гр.га тенг бўлган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди. Эътиборлиси, ушбу заргарлик буюмлари қимматбаҳо металлардан ясалган бўлиб, уларнинг қиймати 337,4 миллион сўмга тенг бўлди.Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.