Испаниянинг Ла-Нусия шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг кеча якунланган чорак финал баҳсларидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг 10 нафар аъзоси олтин медаллар учун курашиш имкониятига эга бўлди.
Кеча, 22 ноябрь куни ўтган баҳсларда 80 килограммда Раҳматилло Бойматов грециялик рақибини 4:1 ҳисобида, 57 килода Бахтиёр Асадов Марокаш вакилини, 75 килограмм вазнда Саҳобат Ҳусанова эквадорлик рақибасини ва 71 кило оғирликда Фазлиддин Эркинбоев туркиялик боксчини мағлубиятга учратиб, чемпионат медалларини нақд қилишди.
Бундан аввалроқ ўтган чорак финал жангларида муваффақиятли қатнашган Гулсевар Ғаниева, Хўжаназар Нортожиев, Жавоҳир Умматалиев, Азиза Зокирова, Олтиной Сотимбоева ва Тўрабек Ҳабибуллаев ярим финалда қатнашиш имкониятини қўлга киритган эди.
Бугун, 23 ноябрь куни ушбу ёш боксчиларимиз чемпионатнинг ярим финалидаги жангларда иштирок этади.