Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, ўтган ҳафтада дунё бўйича қарийб 3 миллион нафар кишига коронавирус ташхиси қўйилган. Бу 3-9 октябрь саналарига нисбатан 6 фоиз кам кўрсаткичдир.
Шунингдек, 8,3 минг нафар бемор хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Яъни бу борада пасайиш динамикаси 17 фоизни ташкил этди.
Касалланганлар сонининг сезиларли камайиши Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаси мамлакатларида қайд этилди — 17 фоиз. Шунингдек, Африка (-15 фоиз), Шимолий ва Жанубий Америка (-12 фоиз) ҳамда Европа (-11 фоиз) қитъаларида беморлар сони озайиши кузатилди. Бироқ Ғарбий Тинч океани минтақаси давлатларида хасталанганлар сони 11 фоизга ортди.
Ўз навбатида, ўлим ҳолатлари Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаси (-35 фоиз), Шимолий ва Жанубий Америка (-20 фоиз) ҳамда Европада (-18 фоиз) камайди. Африка қитъасида эса аксинча, COVID-19 қурбонлари 44 фоизга кўпайди.
Коронавирус инфекциясини энг кўп юқтирганлар Германияда рўйхатга олинди — қарийб 584 минг нафар. Кейинги ўринларни Франция (337 минг), Хитой (329 минг), Италия (288 минг) ва АҚШ (251 минг) банд этди.
Ўтган ҳафтада хасталикдан вафот этганлар сони бўйича Қўшма Штатлар етакчи — 2,2 минг нафар. Россияда 702, Италияда 478, Хитойда 431 ва Японияда 409 киши хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмди.