Бугун Қозоғистонда президентликка номзод кўрсатиш бошланди. Бу жараён 11 октябрь соат 18.00 да якунланади.
Мазкур қўшни давлатда муддатидан илгари президентлик сайлови 20 ноябрга белгиланган.
Номзод кўрсатиш ҳуқуқи белгиланган тартибда рўйхатга олинган республика жамоат бирлашмаларига тегишли.
Даъвогарга қўйилган талаблар Конституцияда белгилаб қўйилган: Қозоғистон фуқароси охирги 15 йил давомида мамлакатда яшаган, олий маълумотли ва камида 40 ёш бўлиши, давлат тилини мукаммал билиши шарт.
Шунингдек, номзод энг кам иш ҳақининг 50 баравари, яъни 3 миллион тенге (тахминан 6,2 минг доллар) миқдорида сайловга ҳисса қўшиши керак.
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган сайловчилар 11.8 миллионни ташкил этади.
Ҳар бир номзодни қўллаб-қувватлаш учун МСК томонидан рўйхатга олиш босқичида сайловчиларнинг 118 мингдан кўп имзоси тўпланиши керак.
Гўзал ШОКИРЖОНОВА