20.7 C
Узбекистан
Воскресенье, 6 октября, 2024

ШҲТ саммити кунлари Самарқанд шаҳрида йўллар тўлиқ ёпиладими?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,910участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд шаҳрида 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан шаҳар ва унинг атрофида йўллар тўлиқ ёпилмасдан  14-17 сентябрь кунлари транспорт воситалари ҳаракати фақатгина чекланиши ҳақидаги хабар кўпчилик қатори мени ҳам ҳайратга солди. Бу ҳақда вилоят ИИБ тезкор штаби томонидан уюштирилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди. Унда тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг масъуллари иштирок этди.

 Бундан авваллар ҳам Самарқандда йирик халқаро анжуманлар бўлган, кўплаб давлат раҳбарлари ташриф буюрган. Аммо ҳеч қачон йўллар ёпилиши ёки ҳаракатлар чекланиши ҳақида олдиндан хабар берилмаган. Шаҳар тўла ёпилиб, аҳоли машина билан эмас, ҳатто пиёда қачон кўчага чиқиш мумкинлигини билмасдан, сарсону саргардон бўларди. Бу йўналишда шаффофликни орзу ҳам қилишни қўрқардик. “Бу юқори мартабали меҳмонлар хавфсизлиги учун зарур, давлат нима қилишини билади, бунақа ишларга аралашмаслик маъқул” деган қараш устун эди.

Бўлажак саммит муносабати билан аҳоли орасида турли гап-сўзлар тарқалган эди. Ҳамма ёқ ёпилиши, кўчага чиқиш тақиқланиши, савдо дўконлари ва бозорлар ишламаслиги, ҳар ким оиласи учун 5-6 кунлик озиқ-овқат захираси яратиши лозимлиги ҳақидаги гаплар шулар жумласидандир. Аммо ўтган матбуот анжумани барча хавотирга нуқта қўйди. Энди ҳаммаси ана шу айтилганларга қанчалик риоя қилинишида.   

Самарқанд шаҳридаги йўллар тўлиқ ёпилмаслиги,  балки 14-17 сентябрь кунлари айрим кўчаларда автотранспорт воситалари ҳаракатланиши вақти-вақти билан чекланиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот котиби Музифа Султонова сўз юритди. Унинг уқтиришича, туманлардан қатнаб ишловчилар ҳам шаҳарга кириб чиқа олади.

Шунингдек, вилоят ҳудудидан транзит ўтувчи транспорт воситалари учун айланма ҳаракат ташкил этилган ва махсус флайерлар ишлаб чиқилган. Ҳайдовчилар флайердаги QR код орқали йўлларда ҳаракатланишлари учун рухсат этилган айланма йўллардан мобил илова орқали ҳам кўришлари мумкин.

Транспорт вазирининг матбуот котиби Наврўз Ашурматов автомобиль воситали ҳаракати чекланган кўчаларни санаб ўтди. Булар Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шоҳи Зинда, Усто Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед кўчаларидир.

Шаҳрдаги 28 та автобус, 2 та трамвай йўналишлари, шунингдек, иккита йўналишда такси хизмати вақтинча тўхтатилади. Фақатгина 4, 7, 15, 24, 37, 74, 93 ва 99 рақамли автобус йўналишларида айрим ўзгартиришлар киритилган ҳолда аҳолига жамоат транспорти хизмати кўрсатилади.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳрининг марказий кўчаларида янги интенсив нур қайтарувчи йўл белгилари ҳамда 50 тадан зиёд замонавий  светофор ўрнатилди, йўл ётиқ чизиқлари Германия ва Беларусияда ишлаб чиқарилган бўёқ ва совуқ пластик ёрдамида чизилмоқда. Кўзи ожиз фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида овозли пиёдалар светофорлари ўрнатилмоқда. Барча янги светофорлар масофадан бошқариш тизимиги эга бўлади.

Айрим мутасаддилар матбуот анжуманига тегишли тайёргарлик кўрмасдан келганлиги туфайли берилган саволларга мужмал жавоб қайтарди. Шу сабабли матбуот анжуманида модераторлик қилган вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Садуллаев Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасалари, ресторанлар, тўйхоналар, савдо мажмуалари ва овқатланиш шахобчалари ҳамда масжидларнинг фаолияти хусусида кейинроқ батафсил маълумот берилишини таъкидлади. 

Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Абдужаббор Пўлатов ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган хабарда саммит ўтказиладиган кунлари шаҳрдаги тиббиёт муассасалари, ресторанлар, савдо мажмуалари ва овқатланиш шахобчаларининг фаолиятида ўзгариш бўлмаслиги ва улар одатдаги иш режимида ишлаши маълум қилинган. Бозорлар ҳам одатдагидек ишлаши, фақатгина автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозорида савдо фаолияти 5 сентябрдан 20 сентябргача тўхтатилганлиги қайд этилган.

Агар юқорида айтилганларга амал қилинса, саммит кунлари, авваллардагидек, хорижий журналистлар таъбири билан айтганда, Самарқанд “ўлик шаҳар”га айланмайди, ҳаёт ўз маромида давом этади. Фақат хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда, кўчаларда ҳаракатланиш вақти-вақти билан чекланади. Буни, албатта кўҳна кент аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари тушунган ҳолда қабул қилишади.

Ана шундай вазиятда аҳоли кайфиятига таъсир этувчи омиллардан бири кўчаларда турган ички ишлар органлари ва миллий гвардия ходимларининг муомала маданияти саналади. Ўйлаймизки, улар орасида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилади. Идора мутасаддилари бу ходимларнинг ўз вақтида овқатланиши ва салқин ичимликлар билан таъминланишини назоратга олиши зарур. Чунки тонг саҳардан ярим кечасигача оёқда туришнинг ўзи бўлмайди. 

Илгари хабар берилганидек, нуфузли тадбир даврида жамоат жойларида фуқаролар йиғилиб қолиши ҳамда шаҳар ичида транспорт қатновини камайтириш мақсадида шаҳардаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ўқиш 26 сентябрь кунидан ҳамда умумтаълим мактабларида янги ўқув йилини 19 сентябрь кунидан бошланиши назарда тутилган.

Тошпўлат Раҳматуллаев
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Марказий Осиё Форуми: Фан, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишда аёлларнинг ўрни

Сўнгги йилларда қишлоқ аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаёт фаровонлигини ошириш, касбга йўналтириш ва янги ишчи...

Больше похожих статей

×