Устоз журналист, оташин публицист, таниқли шоир Ўткир Раҳмат раҳбарлигидаги “Халқ сўзи”-“Народное слово” газеталар таҳририятида кўплаб моҳир қаламкашлар фаолият кўрсатишади. Лекин буларнинг ичида Бош муҳаррир Ўткир Раҳматнинг ўринбосари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, I даражали “Меҳнат фахрийси” Шуҳрат Жабборовнинг ўрни бошқа…
Шуни қайд этиш керакки, бир пайтлар Шуҳрат Жабборов “Ўзбекистон овози” — “Голос Узбекистана” газеталар таҳририятида Бош муҳаррир ўринбосари бўлиб самарали меҳнат қилган. Мен эса 25 йил давомида (1996-2022) шу газеталар жамоатчилик асосида таржимонлик вазифасини бажардим. Ўша йиллар қачон устоз Асил ака Рашидовнинг Амир Темур ҳайкалига яқин жойдаги хонадонларига борсам, салом-аликдан кейин, биринчи сўрайдиган саволлари: “Бизнинг шогирд қалай юрибди?” бўлар эди. Шогирд деганда у киши Шуҳрат Жабборовни кўзда тутар эдилар. Шуҳрат акага у кишини меҳри бошқача эди. Кейин бизнинг газетада ишлаган даврларни табассум билан эслаб, кекса журналист Ҳайдар ака Носировни сўрар эдилар-да : “У киши нафақат моҳир журналист, балки, ажойиб истеъдодга эга ошпаз ҳам”, – деб қўшиб қўярдилар ва газетада ишлаган пайтлардаги воқеаларни, акалари – ўзбек халқининг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов билан Қибрайдаги машҳур “Қизил Ўзбекистон” колхози далаларида пахта терганларини эслардилар…
Дарҳақиқат, Шуҳрат Жабборов Асил ака меҳр қўйганларича бор. Шуҳрат ака нафақат ўзининг моҳир журналист сифатида, балки одамларга меҳрибонлиги, одамийлиги, оддийлиги, олижаноблиги билан барчани меҳрини қозонган инсон.
У киши бир пайтлар “Ўзбекистонда ким яхши яшайди?” номли эссе ёзди. Эссе, раҳматли Бош муҳарриримиз, ажойиб инсон Сафар Остонов кўргандан кейин, менинг таржимамда “Голос Узбекистана” газетасида чоп этилди. Азонда Шуҳрат ака қўнғироқ қилиб, менга раҳмат айтдилар. 70 ёшга кирганимда эса, Аллоҳ кўнгилларига солиб, менга атаб, қуйидаги шеърни ёзиб, туҳфа қилдилар:
Сўз қудратин етмиш икки нархин билар,
Таржимада маҳоратли ҳамда тезкор.
Бир ўзлари уч-тўрт киши ишин қилар,
Айтинг, шундай инсон яна қайда бор?
Давом этинг ана шундай шижоат-ла,
Сизга соғлик ҳам омонлик бўлсин йўлдош.
Ҳамроҳ бўлинг доим меҳнат ҳам ижод-ла,
Набиралар тўйларида Сиз бўлинг бош…
Яқинда атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умрзоқович Салимовнинг олдиларига кирсам, телефонда гаплашаётган эканлар. Мен киргандан кейин, телефон гўшагини қўйдилар-да : “Шуҳрат Жабборов билан гаплашдим. Яхши журналист. Ҳар ёзган мақоласи чуқур таҳлилларга бой бўлади. Бугунги газетада Янги Ўзбекистонни қуришга, III Ренессанс асосларини яратишга хизмат қиладиган, яхши мақоласи чиқибди. Табриклаб қўйдим”, – дедилар…
Шуҳрат Жабборов таваллудига табаррук 70 ёш тўлмоқда. У киши юбилейларини ўйлар эканман, юқорида тилга олганларим хаёлимдан ўтди ва “Шуҳрат ака 70 ёшингиз муборак бўлсин! Сизга, оилангиз барча аъзоларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат доим ёр бўлсин! Ижодингизга барака! Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ва у киши билан биргаликда қурилаётган Янги Ўзбекистон ва III Ренессанс асосларини яратишга қаратилган барча сайъ-ҳаракатларингизда улкан муваффақиятлар тилайман”, – дегим келди.
Носир ТОИРОВ
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси