Тошкент шаҳрида Конгресс холда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги Хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
Форумда Олий мажлис Сенати раиси Т.Норбоева, Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари С.Мирзиёева, ШҲТга аъзо 8 та давлатнинг етакчи аёл раҳбарлари ва бошқа мутасадди раҳбар ходимлар иштирок этди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматларининг ташаббуслари, хотин-қизлар ҳаракати ва ташкилотларининг фаол иштироки туфайли сўнгги йилларда ШҲТ доирасида аёлларнинг ҳамкорлик имкониятлари кенгайиб борилаётганлиги қайд этилди.Шунингдек, ҳар бир ташкилотга аъзо мамлакат хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси ва уларнинг жамиятда етакчиликларини ошириш борасидаги ишлар юзасидан маълумот беришди.
Бундан ташқари, ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар беришди ва тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Форум доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, инклюзив ривожланишида аёлларнинг ўрни ва уларнинг фаоллигини ошириш бўйича бир қатор шўъба мажлислари бўлиб ўтди.
Форум якунида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро муносабатларни кенгайтиришда хотин-қизлар салоҳиятини сафарбар этиш, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик, ШҲТ маконида инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашга асос бўлувчи қўшма коммюнике қабул қилинди.