Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёл Пхеньян ядросизланиш бўйича чораларни қўллаган тақдирда илгари суриладиган, Шимолий Корея иқтисодини кўтаришга қаратилган ўз ташаббуси ҳақида маълум қилди.
Ушбу таклиф жорий йил май ойида Юн Сок Ёлнинг инаугурация маросимида билдирилган, дейилади «Interfax.ru»нинг «Yonhap» агентлиги маълумотига асосланган ахборотида.
Хабарда президентнинг «Мен илгари сураётган дадил ташаббус шундан иборат-ки, агар Шимолий Корея ядровий дастур ишлаб чиқишни тўхтатиб, ҳақиқий ва пухта ядросизланиш жараёнига киришса, КХДР иқтисодиёти ва мамлакат аҳолиси турмуш шароити босқичма-босқич яхшиланади», деган сўзлари иқтибос қилиб келтирилган.
Корея Республикаси раҳбари икки Кореянинг Япония мустамлака ҳукмронлигидан озод қилинган кун муносабати билан сўзлаган нутқида, шунингдек, Шимолий Кореяда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, шифохоналар ҳамда бошқа тиббий инфратузилма объектларини модернизация қилиш, давлатни халқаро сармоявий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ташаббусини илгари суришда ёрдам бериш таклифини билдирди.