Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари глобал индексларнинг машҳурлик рейтингини ишлаб чиқди.
Таҳлил учун охирги 5 йилда Google платформасидаги сўровлар сони асос қилиб олинди. Бугун Google Trends бутун дунёдаги кўплаб компаниялар ва тадқиқотчилар учун муҳим бир воситага айланди. Унинг ёрдамида қандай сўзлар вақт ўтиши билан фойдаланувчиларни кўпроқ қизиқтираётганини аниқлаш мумкин.
Google браузери бугун сайёрадаги энг кўп фойдаланиладиган қидирув тизимидир. NetMarketShare маълумотларига кўра, Google браузери 2018 йил декабрь ойида компьютер ва мобил қурилмаларда мос равишда 77% ва 86% улушга эга бўлган. Шу сабабли, Google Trends интернетдаги қидирувга оид сўровларни ишончли тарзда акс эттиради. Google ушбу воситани 2006 йил май ойида ишга туширган ва 2008 йилнинг август ойида Google Search Insight деб номланган кенгайтирилган кўринишини чиқарганди. 2012 йилда иккала восита Google Trends нинг жорий версиясини яратиш учун бирлаштирилди.
Натижалар шуни кўрсатдики, машҳурлик рейтингида танлаб олинган индекслар ичида Инсон тараққиёти индекси якка пешқадам. Бу биринчидан, мазкур индексдан кенг жамоатчилик ривожланишнинг муқобил кўрсаткичи сифатида фойдаланиши билан боғлиқ. Иккинчидан, бошқа кўплаб рейтинглар ва индексларни ҳисоблашда ҳам шу кўрсаткич асос сифатида қўлланилади.
Иккинчи ўринда Демократия индекси турибди. Бу ҳозирги кунда демократик қадриятлар умуминсоний қадриятлар ичида энг устувор ўринга эга эканлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Учинчи ўрин Глобал инновацион индексга тегишли. Ҳозир табиий ресурсларнинг ўзи эмас, балки улардан самарали фойдаланиш тараққиёт асоси экани ҳисобга олинса, мамлакатларнинг инновацион тараққиёти кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Кейинги ўринларни Глобал рақобатбардошлик, Иқтисодий эркинлик индекслари ва Глобал бошқарув индикатори эгаллаган. Улар кенг қамқовли ҳисобланиб, ривожланишнинг кўплаб йўналишларини битта рақамда акс эттиришга ҳаракат қилади.
Давлат риск баҳоси, Инклюзив ўсиш индекси, Жаҳон матбуот эркинлиги индекслари машҳурликда энг ортда бормоқда. Демак, бирон бир индекснинг матбуотда кенг эътироф этилиши унинг ҳақиқатан ҳам муҳим эканлигини билдирмайди. Табиийки, икки индексдан бирига эътибор қаратиш лозим бўган пайтда, албатта, машҳурроғига эътибор бериш тўғрироқ бўлади.
Умуман олганда, ҳуқуқ, коррупцияга оид индекслар машҳурлик бобида саноат, иқтисодий барқарорлик ва электрон ҳукумат индексларидан устунроқ эканлиги аниқланди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, индексларнинг кўплиги ва ресурсларнинг чекланганлигини инобатга олганда, мамалакатнинг улардаги ҳолатини яхшилашга қаратилган мақсадли ишларни йўлга қўйишда ушбу индексларнинг машҳурлик рейтингини эътиборга олиш лозим.
Ўзбекистонда бошқарув сифати ва сиёсатнинг самарадорлиги, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар жараёнини баҳолаш, тадқиқотлар натижасидан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишда ёрдам берувчи муҳим халқаро рейтингларнинг мезонлари ва индикаторлари Миллий мониторинг тизимининг узвий қисми сифатида қайд этилган.