Фарғона вилоятида ёз фаслида нафақат мева ва сабзавотлар, балки полиз маҳсулотларининг экспорти ҳам айни авжига чиқади. Миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган сара қовунлар экспорти тун-кун давом этмоқда. Бу борада божхона ходимлари ҳам тадбиркорларга қулай бўлган вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказмоқда.
2022 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан қиймати 1 миллион АҚШ долларлик 2 минг 100 тонна қовунлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Мазкур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 69 фоизи Россияга экспорт қилинган бўлса, қолган қисми Белорусь, Германия, Чехия, БАА, Польша, шунингдек қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.
Маълумот учун, 2021 йилда вилоятдан қиймати 1,8 миллион АҚШ долларлик 4 минг 900 тоннага яқин қовунлар Россия, Украина, Чехия, Германия, Белоруссия, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш ва экспортни тезкорлик билан божхона назорати ҳамда расмийлаштирувидан ўтказилишини таъминлаш мақсадида барча ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида хизмат узлуксиз ташкил этилган. “Қувасой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан тадбиркорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мақсадида қилаётган мурожаатлари бўйича тез ва сифатли божхона назоратидан ўтказилмоқда. Бундан ташқари товарларга тегишли йўл юк кузатув ҳужжатлари ҳам қисқа муддатларда расмийлаштирилиши таъминланмоқда.