“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан жорий 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун қанча миқдорда маҳаллий кўмир етказиб берилади? Истеъмолчиларни етарли миқдорда қаттиқ ёқилғи билан тўла таъминлаш учун кўмир захиралари етарлими, маҳсулот сифати, уни етказиб беришни тартибларида қандай янгиликлар бор?
2022 йилнинг 29 июль куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига уюштирилган пресс-тур мавзуси айнан ана шу масалага атрофлича аниқлик киритди.
Жамият бош директори Владимир Владимирович Кузнецов, бош директорнинг биринчи ўринбосари Алижон Найимович Мирахмедов, бош геолог Эркин Валиевач Жўраев, “Кўмир таъминот” МЧЖ логистика бўлими бошлиғи, кўмир сифати бўйича назоратчи Дмитрий Анатольевич Зборивец иштирокида ўтказилган анжуманда мавзу юзасидан барча ахборотлар берилди.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун Республика ижтимоий соҳа объектларига 518 минг тонна, аҳоли эҳтиёжлари учун 882 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган.
Қайд этиш керак, ижтимоий соҳа объектларини жорий мавсум учун кўмир билан таъминлаш ишлари, ҳар галдидан барвақт — 1 апрелдан бошланди. Айни кунларда жамият томонидан кунига ўртача 4,5 минг тонна кўмир юклаб жўнатилмоқда ва маҳсулот “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 101 ҳудудий кўмир омбори ва шаҳобчалари орқали тарқатилмоқда. 2022 йил 27 июль ҳолатига бюджет ташкилотлари учун 326,3 минг тонна маҳаллий кўмир ортиб юборилди. Кўмир тарқатиш ишлари Самарқанд ва Хоразм вилоятларида айниқса намунали ташкил этилмоқда.
Республика бюджет ташкилотларини куз-қиш мавсуми учун кўмир билан тўлиқ таъминлаш ишларини 15 сентябрга қадар якунлаш, аҳолини маҳаллий кўмир билан 1 декабргача тўла таъминлаш режалаштирилган.
Республика бюджет ташкилотлари ва аҳоли учун мўлжалланган маҳаллий кўмир БР-2 маркали бўлиб, фракцияси 0-300мм.ни, кулчанлиги 17 фоизни ташкил этади.
Маълумот учун, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йилда истеъмолчиларга 4,8 миллион тонна кўмир етказиб берилади. Шу мақсадда кон устки қисмини очиш ишлари 1-ярим йиллик мобайнида 8,3 млн. куб метр ( прогнозга нисбатан 51,2 фоиз, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 55,8 фоиз) ни ташкил қилди. Олти ой давомида 2,4 млн. тонна (прогнозга нисбатан 97,1 фоиз) кўмир қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 110,4 фоизни ташкил этади.
“Ангрен” кўмир кони “Ўзбеккўмир” АЖ’нинг қаттиқ ёқилғи қазиб олувчи асосий кони ҳисобланиб, 2022 йилда ушбу кондан 4328,7 минг тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Айни кунларда бу ерда 40дан ортиқ кон экскаваторларидан фойдаланилмоқда. Уларнинг тўрттаси бевосита кўмир қазиб олиш ва юклаш ишларига сафарбар қилинган.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атофлича жавоб берилди.
Пресс-тур давомида унинг иштирокчилари “Ангрен” кўмир конига саёҳат уюштирилди ва кўмир қазиб олиш, саралаш ва юклаш жараёнлари билан яқиндан таништирилди.