Она сути — чақалоқ учун мукаммал озуқа. Таркибида юздан зиёд шифобахш микроэлементлар мавжуд. Қолаверса, иммуноглобулинга бой. Чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоялайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.
Аммо мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кейинги йилларда гўдакларни она сути билан парваришлаш кўрсаткичлари тобора пасайиб бормоқда.
ЖССТ маълумотларига таянилса, ҳозир дунё бўйича олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 44 фоизигина она сути билан озиқланмоқда. Сўнгги йигирма йил ичида кўкрак сути ўрнини босувчи сунъий маҳсулотларни сотиш кўлами эса тахминан икки баравар кўпайган.
Хўш, бунинг сабаби нимада?
Асосий муаммо дунёда чақалоқлар учун мўлжалланган сунъий сут маҳсулотлари реклама ва маркетингига зўр берилаётганида, дейди экспертлар.
Масалан, “фарзандингиз учун бундан мукаммалроқ таркибдаги озуқани топа олмайсиз” мазмунидаги эълонлар туфайли бир гуруҳ ота-оналар боласини кўкрак сути билан эмизишдан воз кечмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИCЕФ ҳамкорлигида тайёрлаган қўшма ҳисоботда дунёнинг саккиз мамлакатида яшовчи 8500 нафар ҳомиладор ҳамда эмизикли аёл ва 300 нафар тиббиёт ходими ўртасида ўтказилган ўрганишлар натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, бундай сунъий озуқаларни ишлаб чиқарувчилар ўз тижорий манфаатларини кўзлаб ОАВ ва ижтимоий тармоқларга жозибадор рекламалар бериш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Балки шифокорларни ҳам моддий манфаатдорлик йўлида манипуляция қилишяпти.
Мисол учун, сўровда қатнашганларнинг учдан бир қисми она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар тиббиёт мутахассислари томонидан тавсия этилганини маълум қилишди.
“Чақалоқларни она сути билан парваришлаш боланинг соғлом ва дуркун ўсишини таъминлабгина қолмай, унинг келгусида турли касалликларга чалиниш хавфини камайтиради”, — дейилади қўшма ҳисоботда.
Шу боис ЖССТ болаларни олти ойлик бўлгунига қадар фақат она сути билан парваришлашни, икки ёшга тўлгунича эса эмизишни тўхтатмаган ҳолда қўшимча овқатлар билан озиқлантиришни тавсия қилади.
Эслатиб ўтамиз: 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакатимизда она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланган.