Инсон қадри устувор бўлган жамиятда тилга олинажак қадрнинг энг олий омили бу – саломатликдир. Тиббиёт билан бир қаторда бу борада дари-дармон таъминоти ва унинг ишлаб чиқарилиши алоҳида ўринга эга. Соҳа ривожи сари мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар салмоқли бугун.
Жами юртимиз бўйлаб 200 дан ортиқ корхонада дари-дармонлар ишлаб чиқарилади. Жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар дорихоналар расталарида аҳоли истеъмоли учун етказиб берилади.
Фикримизнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент вилояти Паркент тумани «Паркент-фарм» Эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ҳудудида МЧЖ “ZUMA-PHARMA” корхонасининг очилиш маросими ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Заводда “Флаконларда инъекцион лиофил кукун ва суюқлик кўринишидаги, ишлатишга тайёр шприц-ручкалардаги дори воситалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича” янги турдаги инновацион ва мураккаб технологик жараёнлик инвестицион лойиҳаси ташкил этилган. Лойиҳа доирасида COVID-19га қарши вакцина ва бошқа дори воситалари ҳам ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа бошланиш тарихи 2019 йил 21 январь куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи чоғида “Инактивацияланган вакциналар ва олдиндан тўлдирилган шприцлар, фойдаланишга таёр инсулин ручка, шунингдек лиофилизацияланган кукунлар ва флаконларда инъекция суюқликлари кўринишидаги дженерик препаратлар” ишлаб чиқариш бўйича янги фармацевтика заводини қуриш лойиҳаси муҳокамасига бориб қадалади.
Сўнгра “янги лойиҳа” ҳорижий консультантлар билан биргаликда US FDA ҳалқаро стандартига мос равишда ишлаб чиқилиб, Президентимизнинг 2019 йил 3 июнь куни Тошкент вилоятига қилган ташрифи давомида тақдимоти ўтказилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдан ПҚ-4563 ва 2020 йил 28 декабрьдан ПҚ-4937 сонли Қарорлари билан тасдиқланган Инвестицион дастурларга киритилди.
ZUMA-PHARMA учун технологик ва ёрдамчи ускуналар АҚШ, Швейцария, Германия, Хитой ва Ҳиндистондан келтирилди. Ўрнатилган тизимлар, ускуналар ва жараёнлар муваффаққиятли тасдиқланди, бу юқори сифат, ишончлилик, халқаро CЕ ва US FDA стандартларига мувофиқлигини таъкидлайди. Мумкин бўлган инсон омилининг таъсирини минималлаштириш учун BMS (building management system) и EMS (environmental monitoring system) каби энг сўнги мавжуд технологияларни ҳисобга олган барча технологик ва ёрдамчи жараёнлар автоматлаштирилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикасида ягона бўлиб, 5.8 млн. АҚШ доллардан ортиқ суммага тенг импорт ўрнини босишини таъминлайди. Заводнинг йиллик лойиҳа қуввати 14 млн. дона олдиндан тўлдирилган шприц/инсулин ручкалар ва 20 млн. дона флаконлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, экспорт ҳажми йилига 6 млн. АҚШ долларни ташкил этади.
«ZUMA PHARMA» қуйидаги фармакологик гуруҳлар бўйича инактивланган вакциналар ва препаратларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда: Covid-19 га ва гриппга қарши вакциналар, антикоагулянтлар, Н2 гистамин блокаторлар, стероид бўлмаган яллиғланишга қарши дорилар, гепатопротекторлар, витамин препаратлар ва бошқалар.
Корхонада 300га яқин иш ўринлари яратилган.
«ZUMA PHARMA» жамоасининг мақсади EU GMP, MHRA и US FDA стандартлари бўйича аккредитациядан ўтиш, юқори сифатли оригинал дори воситалари ишлаб чиқариш ва Ўзбекистон Республикаси аҳолисини сифатли дори воситалари билан таъминлаш, булар учун импорт улушини камайтиришдир. Бугунги кунда UZGERMED PHARM компаниялар гуруҳи ўз маҳсулотларини дунёнинг 11 та давлатига экспорт қилмоқда. Пировард мақсад эса экспорт географиясини кенгайтириш, норматив талаблари юқори бўлган мамлакатларга ҳам экспортни йўлга қўйишдир.
Бу каби нуфузли корхонанинг очилиш маросими ҳам ҳаминқадар нуфузга эга бўлди. Ташриф буюрган меҳмонлар – туман ҳокими, академик-олимлар корхона ривожини тилаб дуога қўл очишди. Рамзий қизил лентани кесишга жараёни ўзгача шукуҳда ўтиб, маросим корхона бўйлаб экскурсияга уланиб кетди.