Бухоро вилоятида “Visit Uzbekistan Music” кенг кўламли видеолойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа анъанавий ва замонавий маданиятни тарғиб қилиш ҳамда замонавий ўзбек маданияти намоёндалари ижоди орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда тарғиб этишга қаратилган. Лойиҳа доирасида йил давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида суратга олиш ишлари режалаштирилган. Илк қадамлар Бухоро вилоятида илдамланди.
COVID-19 пандемиясидан сўнг бутун дунё бўйлаб тарихий жойларда мусиқий видеолар суратга олишда ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Мисол тариқасида, Британиянинг “Coldplay” гуруҳи Иорданиянинг тарихий пойтахти манзаралари акс эттирилган видеоконцертни ёзди, Андреа Бочелли Миландаги “Duomo”да концерт берди, бастакор Людовико Эйнауди Шимолий Муз океанидаги музликда мусиқа ижро этди.
Ўзбекистонда бу йўналишни, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Асқар ва «Сафо» гуруҳи бошлаб берди.
Клипларни суратга олиш ишлари ва жонли ижродаги концерт Dinara&Co медиа компанияси томонидан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Туризм ва спорт бош бошқармаси кўмагида ташкил этилди. Суратга олиш ишлари тажрибали режиссёр Истеъдод Усмонов раҳбарлигида бўлиб ўтди ҳамда у Ўзбекистон маданий мероси обидаларидан Бухоро амирининг “Ситораи Мохи Хосса” ёзги саройи, эски шаҳар ва Когон саройини танлади.