Тошкентда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Тошкентни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш – долзарб вазифа” мавзусидаги Очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва журналистлар, блогерлар иштирок этган мутасаддилар томонидан Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича батафсил маълумот берилди.
Унга кўра, Президент топшириғига биноан 2021-2022 йилларда Тошкентнинг 524 та маҳалласида яшил ҳудудларни суғориш учун 1500 та қудуқни бурғулаш, 130 км пиёдалар ва 117 км велосипед йўлакларини қуриш, 12 та боғ, 25 та яшил ҳудуд ва сайлгоҳларни ташкил қилиш, шунингдек, умумий 140 га майдонга эга бўлган аттракционларсиз боғларни ва ҳар бир туманда кичик яшил боғларни барпо қилиш, 2023 йилга қадар пойтахтда яшил ҳудудлар кўламини 30% гача кенгайтириш режалаштирилаётгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, очиқ мулоқотда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида аҳолининг фикри ва таклифлари инобатга олиниши маълум қилинди. Тадбир давомида журналистларга янги боғлар, сайилгоҳлар, велосипед ва пиёдалар йўлакларининг бирламчи лойиҳалари тақдим этилди.