Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Яъни давлатимиз барча миллатлар тили ва маданияти ривожланишига етарлича шароит яратган.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳамда Сенат Кенгашининг “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
“Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, Президент Фармони билан 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди. Бу байрам ҳақидаги норма янги Қонунда ҳам ўз ифодасини топган.
Шунингдек, Қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган.
Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмаганлиги ҳам ушбу Қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмокда.
Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилди.
Унда Қонуннинг мақсади ва қўлланиш, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.
Қонун қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига катта туртки беради. Жумладан, давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Қонуни даражасида белгиланиши барча соҳаларда ўзбек тилининг адабий тил меъёрлари асосида ифода этилишига хизмат қилади. Ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросимизни асраб, келгуси авлодларга етказишилишини таъминлайди.
Сенаторлар давлатимиз раҳабарининг ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим, деган фикрларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.