Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ўз даромадлари ва эгалигида бўлган активларини мажбурий декларациялаш тартиби жорий этилиши мумкин. Бу бўйича президентнинг тегишли фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Унга мувофиқ 2021 йил 1 июлдан:
– давлат солиқ хизмати органларининг бошқарув ходимлари ўз даромадлари ва эгалигида бўлган активларни мажбурий декларациялаш тартиби жорий этилади;
– Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари – жисмоний шахслар активлари тўғрисидаги декларацияни ихтиёрийлик асосида тақдим этишга ҳақли.
Белгиланишича, мазкур Фармон ижроси доирасида жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳамда эгалигида бўлган активлар тўғрисида декларацияларни топшириш муддатлари этиб:
– 2020 йил учун – 2021 йил 1 сентябрга қадар;
– 2021 йил ва кейинги йиллар учун ҳар йили – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелига қадар белгиланмоқда.
Декларацияларда келтирилган активлар ва уларнинг даромадларга мувофиқлигини ўрганиш натижаларини эълон килиш муддатлари этиб эса:
– 2020 йил учун – 2021 йил 1 ноябрга қадар;
– 2021 йил ва кейинги йиллар учун – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майига қадар белгиланмоқда.
Декларацияда келтирилган активлар келиб чиқиш манбасининг асослилиги ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базасида ҳисобга олинганлиги эса Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўрганилади.