Бугун, 5 апрель куни Хоразм вилояти Шовот туманида жойлашган
Ал-Хоразмий номидаги физика-математика ихтисослашган Халқаро мактаб- интернатининг очилиш тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил март ойида Хоразмга ташрифи вақтида Шовот туманидаги физика ва математика мактаби алоҳида тилга олинган ва Халқаро мактаб даражасига кўтариш тўғрисида топшириқ берилган эди.
Орадан бир йил ўтиб ушбу мактаб негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилди ва замонавий, инновацион, барча қулайликларга эга мактаб комплекси фойдаланишга топширилди.
1976 йилда ташкил этилган ушбу мактаб шу кунгача 105 та фан доктори ва номзоди, 2 та сенатор, депутатлар, вазир, 2 та республика банклари раҳбарлари, Президент маслаҳатчиси ўринбосарлари, 14 та ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 100 дан кўп вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар етакчилари, минглаб етук тадбиркорлар ва бошқа хизматчиларни етиштириб берган илм маскани ҳисобланади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси адия вазири Р.Давлетов ҳам сўзга чиқиб, давлат Раҳбарининг бундан бир йил аввал илгари сурган Шовотдаги физика-математика интернатига халқаро мақом бериб, замонавий таълим маскани барпо этиш ташаббусларига Адлия вазирлигининг камтаргина ҳиссаси қўшилганидан бениҳоя мамнун эканлигини, шунингдек мактаб қурилишига ўз маблағлари, меҳнати ва эътиборини аямаган ҳомийлар, собиқ битирувчилар, маҳаллий ҳокимлик органлари ҳамда барча таълим фидойиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.