22—23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади
Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.
Форумнинг мақсади — ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни намойиш этишдан иборат.
II Халқаро юридик форумнинг бош мавзуси “Ҳуқуқ 4.0” (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби даврида).
Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари, суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқи тизими, Корновирус чекловари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш (policy implementation), судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, давлат хизматлари, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, адвокатура ва нотариатни ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
Форумнинг асосий тили ўзбек тили. Инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.
“Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форумига марҳамат!
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими