Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси билан, ҳар йили 200 нафар профилактика (катта) инспекторлари қатор ОТМларга сиртқи таълимга ўқишга қабул қилиниши белгиланмоқда.
Қайд этилишича, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети, юридик факультети мавжуд бўлган ОТМлар ҳамда Ўзбекистон Жамоат хавфсизлиги университетига ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторларини сиртдан ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Бунда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари томонидан сиртқи таълим шаклига ўқишга кириш учун ҳар йили 200 нафар профилактика (катта) инспекторларига тавсияномалар берилади.
Ўқишга қабул қилиш тўлов шартнома (контракт) асосида амалга оширилади ҳамда шартнома маблағлари республика бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Тавсияномага эга профилактика (катта) инспекторлари таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига қабул квоталаридан ташқари ўқишга қабул қилинади.
Белгиланган ОТМларни тугатган битирувчиларга ички ишлар органларида камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.
Тавсиянома асосида ўқишга қабул қилиниб, салбий сабабларга кўра ўқишдан четлаштирилган ёки ўқишни тамомлагандан сўнг, 5 йил ишлаб бермаган профилактика (катта) инспекторларидан ўқишига сарфланган маблағлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирилади.