Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd компанияси раиси Чои Ëнг Сон билан учрашди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА.
Учрашувда Жанубий Корея компанияси томонидан амалга ошириладиган қатор инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, компания Қўқон шаҳрида 34 га майдонда Qo‘qon-city турар жой мажмуаси бунёд этилади. Компания вакиллари 2020 йил ноябрда Фарғонада ташриф буюрган ва уй-жой ички бозорини ўрганган, қурилиш материаллари етказувчилари билан музокаралар ўтказган.
Бундан ташқари компания Қурилиш вазирлиги билан “Қишлоққурилишлойиҳа”, “Тошуйжойлити” МЧЖ ва “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖ базасида қўшма лойиҳа институтини қуриш масаласини кўриб чиқаётгани айтилди. Ушбу институт МДҲда ягона лойиҳага айланади.
Чои Ëнг Сон яқин истиқболда ушбу институтлардаги давлат улушини сотиб олиш бўйича аниқ қадамлар ташлашини кўриб чиқишини таъкидлади.
Учрашув давомида Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd раҳбари Самарқанд вилоятида умумий қиймати 800 миллион долларлик халқаро стандартларга мос келувчи гольф майдони қуриш лойиҳасига эътибор қаратган.
270 гектар ажратиладиган майдоннинг 194 га қисмига гольф майдони ва унга ташриф буюрувчилар учун турар жой, 6 гектарга халқаро мактаб, 7 гектарга савдо-кўнгилочар марказ, шунингдек, 55 гектарга кўп қаватли уй-жойлар қурилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу лойиҳа концепцияси 2019 йилда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим қилинган.
Чои Ëнг Сон лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириш учун компания ижрочи директори Чои Мун Гью бошчилигидаги делегацияни жорий йилнинг 12-19 феврал кунлари Ўзбекистонга юборишини маълум қилган.