Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.
Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) бошқа давлатлардан келган ва доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатига қуйидагилар киритилди:
• хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари);
• Ўзбекистон ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун камида 3 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс – хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (иштирокчиси) ҳамда уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари);
• “Фахрий фуқаро” мақоми берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари).