-1.4 C
Узбекистан
Понедельник, 23 декабря, 2024

Электр энергияси таъминотидаги узилишлар учун ким айбдор?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,150участниковПодписаться
- Advertisement -

Балки Энергетика вазирлиги айбдорни четдан изламасдан ўз вазифасига масъулият билан ёндашар?

Охирги кунларда об-ҳавонинг кескин пасайиши орқасидан электр энергияси таъминотида юзага келган камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Энг асосийси, фойдаланган электри учун пулини вақтида тўлаб бораётган истеъмолчилар ҳам азоб чекмоқда. Кўп йиллар мобайнида мавжуд бўлган нуқсонлар дастлабки совуқдаёқ бўй басти билан ўзини намоён этди.

Шунча гап-сўздан сўнг ҳам аҳолига узилишлар сабаби ҳақида асосли хабар етказилмади. Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати бу хусусда қуйидагича фикр билдирди: “Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби – ҳаво ҳароратининг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиб кетиши туфайли юзага келади. Шу билан бирга, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради”.

Нима, вазирликдагилар ёздан кейин куз, ундан кейин қиш келишидан бехабарми? Ахир, жойларда кузги-қишги мавсумга тайёргарлик ҳақида рапортлар берилган эди-ку! Ҳар бир ҳудуд ва бутун мамлакат бўйича электр энергиясига талаб қандайлигини вазирликдагилар билишмасмиди? Қиш пайтида ҳаво совуйди-да! Баъзи йиллар ҳарорат бир неча кун давомида 15-20 даража совуқ бўлганлиги маълум-ку! Совуқ бўлганда тақчиллик томир ёзар экан, нега унда Энергетика вазирлигининг расмий сайтида “Ўзбекистон ўз энергетик ресурслари ҳисобидан ўзининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминловчи мамлакатлар қаторига киради” деб ёзиб қўйилган. Бу қуруқ манманликми ёки ҳақиқий аҳволни яшириб, сохта обрў илинжида айтилган ёлғонми?

Тепадагилар ҳақиқий аҳволни аҳолидан яширгандан сўнг тизимнинг пастроғида жойлашганлар нима ҳам қиларди, бечоралар. Самарқанддаги пресс-тур давомида ўта хунук, шу билан бирга ачинарли ҳолат юз берди. Нима бўлди дейсизми?

Совуқ тушишидан беш кун олдин “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг янги тайинланган бошлиғи Ғанишер Маматқулов журналист ва блогерларни пресс-турга таклиф қилди.  Тадбир давомида йиғилганларга Президент қарори асосида электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастурини амалга ошириш ҳамда 2020-2021 йил кузги-қишги мавсумини беталафот ўтказиш бўйича қилинган ишлар бўйича маълумотлар берилди.

Соҳанинг янги раҳбари электр токи истеъмолчиларга нега мунтазам етиб бормаётганлигини мутахассис тушунтириб бериши учун учрашувга “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг вилоятдаги масъул ходими Абдумурод Абдураҳмоновни таклиф этган эди. Масъул ходим нима учун электр энергияси етмаётганлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бунга истеъмолчиларнинг ўзи айбдор эканлигини уқтирди. Унинг сўзларига қараганда, аҳолининг истеъмол маданияти пастлиги туфайли электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланилмасдан, у бинони ёритишда ҳам, иситишда ҳам ишлатилмоқда.

Бундай жавобни эшитган Ғ.Маматқулов ўша заҳоти А.Абдураҳмонов сўзларини бўлиб, истеъмол маданияти муаммоси ҳам мавжудлигини, аммо бу омил электр энергияси етишмаётганлиги сабаблари орасида охирги ўринлардан бирида туришини таъкидлади. 

Маълум бўлишича, ўтаётган йил охирида ҳар бир вилоятнинг ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Энергетика вазирлигиган келгуси йил учун қанча энергия кераклигига буюртма бераркан. Вазирлик имкониятидан келиб чиқиб, режани тасдиқларкан ва йил давомида ана шу ўрнатилган лимит ҳажмида вилоятга электр энергиясини ажратаркан. Демак, “тепадан лимит белгиланган” деганда, ана шу ҳолатни тушунишимиз керак.

Афсуски, ҳаёт вазирлик ҳудудлар учун тасдиқлаб бераётган электр энергияси ҳажми исеъмолчилар талабига нисбатан кам эканлигини кўрсатмоқда. Куни кеча интервьюларидан бирида  Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ишлаб чиқариш ҳажми билан истеъмол ўртасидаги “бу ўзига хос пойгада қисман ортда қоляпмиз” деган эди. Вазир ўринбосари уқтиришича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 5 фоизга ортгани ҳолда истеъмол 10 фоизга кўпайган. Бунинг устига совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши туфайли электр токига бўлган талабнинг ортиши ва авариялар лимит масаласини янада чуқурлаштирган.

Шуни била туриб, нега вазирлик мамлакатимиз ўз энергетик ресурслари ҳисобидан ўзининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаанишини уқтирган? Ахир, эҳтиёжимиз қандай таъминланаётганлигини кўриб турибмиз-ку!

Бундан чиқадики, аҳолининг маҳаллий ҳокимликларни, ҳудудий электр тармоқлари раҳбарлари ва хизматчиларини сўкиши ножоиз экан-да! Мавжуд аҳволни энергетика соҳасини самарасиз бошқариш билан боғлаб, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар айни ҳақиқат экан-да!

Маълум бўлдики, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларга аҳоли айбдор эмас экан. Кимдир “кўп миллиардли дебитор қарздорлик-чи?” дейиши мумкин. У қарзларнинг асосий қисмининг фуқароларга дахли йўқлигини ва бунга ҳудудлардаги самарасиз, эскича бошқарув тизими сабабчи бўлаётганлиги ҳақида фактларга асосланган алоҳида мақола тайёрлайман. 

Эҳ, “катталар”! Бир нарсани тушуниб етиш вақти келмадими? Бугун, XXI асрнинг учинчи ўн йиллигига қадам қўйишимиз арафасида, “свет” фақат оддийгина ёриғлик эмас, у ҳаётимизнинг ажралмас қисми, мамлакат тараққиёти омили эканлигини англаб етишингиз шунчалик қийинми? Миллионлаб ўқувчию талабалар онлайн таълим олмоқда. Шундай тартибда турли халқаро ва миллий анжуманлар, селектор йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Ҳозир “свет” бўлмаса, ҳаётимиз том маънода зулматга айланади ва бу ҳолат тош асрига қайтишдек баҳоланади. Шу муносбат билан мутасадиларга таклифим: ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг “Фейсбук”даги саҳифасига кириб, дард билан, куюнчаклик билан ёзилган “Газсиз ва чироқсиз” сарлавҳали мақоласини диққат билан ўқиб чиқинг.

Яна бир муаммо. Самарқандда кўп қаватли уйлар қурилди. 16-қаватли “дом”да лифт ишламаслигини тасаввур қилиб кўринг. Кимдир бир соат шу совуқда лифт ичида қолиб кетса, қандай аҳволга тушади? Кўп қаватли уйлар бунёд этилган Қорасув массивидан кўплаб шикоятлар тушаётганлиги сабаби ҳам шунда. Журналист ва блогерлар бўлиб ўтган пресс-тур давомида бу ерда қурилаётган подстанцияда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш имконига эга бўлишди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, подстанция биринчи босқичининг ишга тушириш муддати 20 декабрь бўлиб, бунинг натижасида Қорасув массиви аҳолиси, бу ердаги ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлар, маиший хизмат кўрсатиш соҳаси, жами 9500дан ортиқ истеъмолчи “сифатли барқарор электр энергияси билан таъминланади”.

Буни эшитиб, ўз-ўзидан “лимит-чи?” деган савол хаёлга келди. Вазирлик лимит деб “сифатли барқарор электр энергияси” ҳақидаги орзуни саробга айлантирмайдими?

Охирида турли давраларда ва ижтимоий тармоқларда билдирилаётган бир таклифни ўртага ташламоқчи эдим. Аҳолининг ўзи электр токи тақчиллиги муаммосини ҳал қилиши мумкин дейилмоқда. Бунинг учун аҳолига қуёш энергиясидан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиш лозим. Энг аввало қуёш сув иситгичлари ва қуёш электр панеллар ускуналари импортини бож ва турли тўловлардан озод қилмоқ зарур. Бунга мутасаддию мутахассислар нима дейди?

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда мобиль алоқа учун акциз солиғи бекор қилинади

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ер ёки давлат мулки қўшимча қиймат солиғисиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз)...

Больше похожих статей

×