Москва, Россия — Бугун Кремлда Халқаро Шодиев фонди (ИCФ) асосчиси Фаттоҳ Шодиев кўп йиллик самарали фаолияти ва маданият ва санъат соҳасидаги улкан хизматлари учун юқори мукофот — «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Тегишли фармонни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўтган йилнинг декабр ойида имзолаган. Тақдирлаш маросимини Россия Федерацияси Президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко олиб борди.
Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени — Россияда Фаттоҳ Шодиевнинг бевосита ҳомийлиги остида олиб борилаётган халқаро маданий алмашинувни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ишларнинг эътирофидир. Унга Россия ташқи ишлар вазирлигининг Москвадаги давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) стипендиялари ва ўқув дастурларини молиялаштириш, илмий адабиётларни нашр этиш, маданият ва санъат соҳасидаги йирик лойиҳаларга ҳомийлик қилиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш киради.
Фаттоҳ Шодиев мукофот учун миннатдорчилигини изҳор этиб, қуйидагиларни таъкидлади: “Маданият, санъат ва фанни қўллаб-қувватлаш Жамғарманинг асосий ва муҳим йўналишларидан биридир. Биз уларни имкон қадар кўпроқ одамларга етказиш учун ҳаракат қиламиз. Бизнинг ишимиз бундай юксак мукофотга сазовор бўлганини кўриш мен учун жуда катта шарафдир. Бу, шубҳасиз, биз тўғри йўналишда иш олиб бораётганлигимизнинг тасдиғидир».
ИCФ — Халқаро Шодиев фонди 1996 йилда Ўзбекистонда туғилган Фаттоҳ Шодиев томонидан асос солинган нодавлат хайрия ташкилотидир. Фонд МДҲ, Осиё ва Европада хайрия лойиҳалари билан шуғулланади. Фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг асосий вазифалари ижтимоий, илмий, тиббий соҳаларда, маданият, санъат, таълим ва спортни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тиббиёт муассасаларига, кам таъминланган инсонларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишдан иборат.
Халқаро Шодиев фондининг Ўзбекистондаги маданий лойиҳалари орасида A.Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи асосида Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри томонидан яратилган «Кумуш» операсини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Тошкентда ўтказиладиган интеллектуал ўйинлар фестивалини молиялаштириш киради. 2017 йилда Ўзбекистонда бошланган узоқ муддатли гуманитар ва маданий дастурлардан ташқари, 2020 йил март ойида Халқаро Шодиев фонди Ҳукуматнинг коронавирус инфексиясининг тарқалишига қарши курашишига қўшилди ва мамлакатнинг кам таъминланган аҳолисини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг хайрия дастурини амалга оширмоқда.
“Дўстлик” ордени ҳақида
“Дўстлик” ордени — Россиянинг 1994 йилда тасдиқланган давлат мукофоти (Совет Иттифоқи даврида “Халқлар Дўстлиги” ордени бўлган). У беш қиррали юлдуз шаклида бўлиб, устида лавр япроқлари орасида акс еттирилган глобус жойлаштирилган. Орденнинг орқа томонида «Тинчлик ва дўстлик» ёзуви ифода этилган. Бу орден Россиянинг иқтисодий ва илмий салоҳиятини ривожлантиришдаги юқори ютуқлари, миллатлар ва миллатлар маданиятларини ўзаро бойитиш ва яқинлашуви, шунингдек, тинчлик ва давлатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги самарали фаолияти учун берилади. Бундан аввалги йилларда «Дўстлик» ордени дирижёр Владимир Спиваков, Россия Федерациясининг халқ артисти Олег Басилашвили, ПепсиCо корпорациясининг собиқ бош директори Доналд Кендалл, америкалик тарихчи ва Россия тарихи бўйича мутахассис Стивен Коен, НAСA космик агентлигининг собиқ раҳбари Чарлз Болденга топширилган.
Халқаро Шодиев фонди асосчиси ҳақида
Фаттоҳ Шодиев 1953 йил 15 апрелда Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳрида туғилган. Россия ташқи ишлар вазирлигининг Москвадаги давлат халқаро муносабатлар институтини имтиёзли диплом билан тугатган (МГИМО). Фаттоҳ Шодиев — сиёсат фанлари номзоди, Қозоғистон Республикаси Табиий фанлар академиясининг аъзоси, шунингдек Япония тарихи, иқтисодиёти ва сиёсати бўйича 30 дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи.