Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ўзбек тўйларига кириб келаётган оммавий маданиятга қарши чиқди.
Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ўзбек тўйларига кириб келаётган оммавий маданиятга қарши чиқди. Бу ҳақда Sputnik нашри хабар қилди.
“Ўтказилаётган тадбирларда, ҳаммангиз биласизлар — “Love story” , “узундан-узун кортеж” — бу оммавий маданиятнинг салбий оқибатларидир. Шу “келин турволиб, дугоналарига гул отиши”. Бизда, ўзбек халқида бу нарсалар бўлмаган. Бундан иллатлар келиб чиқяптики. Қаердан олинган? Майли, европага ёки бошқа халққа хос бўлсин. Лекин биз ўзимизнинг ибоимиз, ўзбек халқининг урф-одатлари бор, ўзини бир дейлик, идеаллари бор. Биз “намунали оила”, “намунали келин куёв бўлсак” деган “орзу ҳавас” сўзлари бор. Лекин, айтаманки, бу нарсаларни “орзу ҳавас” деб айтиб бўлмайди”, — деди Сайфуллаев.
Сайфуллаевнинг сўзларига кўра, дабдабали тўйларни ўтказиш ҳолатлари учрамоқда.
“Очиғини айтиш керакки, шунча тарғибот ишларга қарамай, ҳамон тўйларни дабдабали қилиб ўтказиш, қатор кортежлар ташкил қилишга уринаётган юртдошларимиз учраб турибди. Буни айниқса, интернет саҳифалар, ижтимоий тармоқларда кўриб, ўзимиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Демак, ҳали қилаётган ишларимиз кутилган самарани бермаяпти”, — деб таъкидлади Сенат вакили.
Унинг сўзларига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 580 тадан ортиқ давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.
“Учрашувларда талаба ва ёшларга тўй ва маросимларни мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги, халқимизнинг миллий тарбиясига мутлақо ярашмайдиган, оилаларни моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини изидан чиқарадиган ҳолатлар эканлиги ва бундай салбий иллатларга барҳам бериш лозимлиги тушунтирилмоқда”, — деб таъкидлади Сайфуллаев.
Кеча, 18 февраль куни АОКАда «Тўй-маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қарорнинг жойларда ижросини ташкил этилиши масалалари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.