Европа Иттифоқи ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан бошқариладиган Марказий Осиё учун экологик тиклаш ҳисобварағи (ERA) доирасида Ўзбекистондаги Янгиобод ва Чоркесар-2 собиқ уран конларини рекультивация қилиш ишлари тўлиқ якунланди.
Лойиҳани амалга ошириш учун 9 миллион евро миқдорида грант маблағлари ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу маблағлар рекультивация ишларини бажариш, шунингдек, лойиҳани техник ва консалтинг жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Лойиҳа доирасида радиациявий ва экологик хавфларни камайтириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда зарар кўрган ҳудудларни тиклашга қаратилган комплекс ишлар амалга оширилди:
- хавф туғдирувчи шахта ва ер ости кон йўлаклари ёпилди;
- сув оқимлари қирғоқлари мустаҳкамланди;
- тоғ жинслари ағдармалари рекультивация қилинди;
- сув қочириш иншоотлари тикланди.
Чоркесар-2 объектида рекультивация ишлари 2024 йилда, Янгиобод объектида эса 2025 йилда якунланган бўлиб, қўшимча ишлар 2026 йил август ойида ниҳоясига етказилди. Ҳозирда тикланган ҳудудларнинг экологик ҳолатини узоқ муддатли мониторинг қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва эришилган натижалар барқарорлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 августдаги «Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги уран мероси объектларини узоқ муддатли бошқариш бўйича миллий оператор этиб белгиланган. Шу билан бирга, мамлакатда Тошкент вилоятидаги Красногорск ва Наманган вилоятидаги Чоркесар-1 каби экологик реабилитацияга муҳтож бошқа уран мероси объектлари ҳам мавжуд бўлиб, уларни тиклаш қўшимча молиявий ресурслар, замонавий технологиялар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни талаб этади.


