2026 йил 26 октябрь куни Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказ (ICSID) арбитраж трибунали Туркия фуқароси Меҳмет Зеки Обуз ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикасига қарши қўзғатган халқаро арбитраж иши юзасидан қарор қабул қилди.
Қарорга мувофиқ, даъвогарлар томонидан Ўзбекистон Республикасига қарши илгари сурилган барча даъво талаблари тўлиқ рад этилди.
Ушбу инвестициявий низо Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида 1992 йилда тузилган инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим асосида қўзғатилган бўлиб, 2021 йил июнь ойида бошланган ва 5 йил давом этган. Арбитраж трибунали эълон қилган мазкур қарор низолашувчи томонлар учун якуний ҳисобланади.
Мазкур арбитраж ишида мамлакатимиз манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда АҚШнинг «Curtis, Mallet-Prevost, Colt & Mosle» халқаро юридик компанияси томонидан муваффақиятли ҳимоя қилинди.


