Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда олийгоҳ матбуот котиби хабар берди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда институт ва Бухоро давлат университети фаолиятида эҳтимолий қоидабузарликлар аниқлангани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.
Соҳа вазирлигидаги йиғилишда олийгоҳларнинг хорижий хизмат сафарлари, ўқув адабиётларини харид қилиш харажатлари ва талабалар билимини баҳолашдаги қоидабузарликлар муҳокама қилингани ҳақида хабар берилди. Эълон қилинган маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Тошкент кимё-технология институти фаолиятига оид маълумотлар
Тарқатилган маълумотларга кўра, институт икки йил давомида хорижий хизмат сафарлари учун 1,2 млрд сўм сарфлаган. Ушбу маблағнинг 340 млн сўми ректорнинг 62 кун давом этган 15 та сафарига тўғри келгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йилда ўқув адабиётларини харид қилиш учун 59 млн сўм ажратилган. Маълум қилинишича, 32 та фан бўйича дарсликлар қарийб 20 йилдан бери янгиланмаган.
Бундан ташқари, 429 нафар талабанинг баҳолари ўзгартирилгани, улардан 112 нафарининг қониқарсиз баҳолари ижобий баҳоларга алмаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат грантлари бўйича 1,2 мингдан ортиқ ўрин тўлдирилмагани ҳам қайд этилган.
Бухоро давлат университети бўйича қандай саволлар пайдо бўлди?
Нашрларда Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов фаолиятига оид маълумотлар ҳам келтирилган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у икки йил давомида умумий давомийлиги 118 кун бўлган 17 та хорижий хизмат сафарида бўлган. Университетнинг ушбу сафарлар учун харажатлари 3,5 млрд сўмдан ошгани, шундан 508 млн сўми ректорнинг хизмат сафарларига сарфлангани айтилмоқда.
Таққослаш учун, ўқув адабиётларини харид қилиш харажатлари 153 млн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, 153 нафар талабага хорижда бўлган вақтида баҳо қўйилгани таъкидланган. Қиймати 2,1 млн долларлик инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши эса атиги 24 фоизга етгани ҳақида маълумот берилган.
Ректорлар фаолиятини текшириш бўйича нима маълум?
Аввалроқ олий таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов беш нафар ректор ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарларни рад этган эди. Унинг сўзларига кўра, тўрт нафар раҳбарга қатъий огоҳлантириш берилган.
Шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбарларининг фаолиятини ўрганиш ва уларнинг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлиги бўйича хулоса бериш учун ишчи гуруҳ тузилгани маълум қилинган.
Кейинчалик Ботир Усмоновнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилгани ҳақида алоҳида хабар тарқалди. Бироқ кадрлар қарорига сабаб бўлган ҳолатлар ва унинг эълон қилинган маълумотлар билан боғлиқлиги ҳозирча аниқ эмас.
Қайд этилган қоидабузарликлар юзасидан текширувнинг расмий натижалари ҳозирча эълон қилинмаган.


