Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Остона (Астана) шаҳрида бўлиб ўтган Ақаба жараёни доирасидаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувида иштирок этди. Тадбирда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Иордания Подшоҳи Абдулла II, шунингдек Озарбайжон ва Қирғизистоннинг юқори даражали вакиллари қатнашди.
Саммитда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ янги хавф-хатарларга қарши курашиш, тажриба алмашиш ва ёшлар ўртасида радикаллашувнинг олдини олиш механизмлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида «Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт» ташаббусини илгари суриб, сунъий интеллект имкониятларини билимларни кенг тарқатиш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, БМТнинг Сунъий интеллектни бошқариш бўйича глобал мулоқоти қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган асосий амалий таклифлар:
БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очиш: Ўзбекистонда мазкур офисни ташкил этишга тайёрлик билдирилди. Ушбу марказ Марказий Осиё мамлакатларига деструктив материаллар ҳақида огоҳлантириш, террорчиликни молиялаштиришни аниқлаш ва бу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича амалий кўмак беради.
«Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастури: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни ахбор муҳитида ишлашга тайёрлаш ва исломнинг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб қилувчи ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Президент ўз сўзи якунида янги технологияларни таҳдид манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлашнинг қудратли воситасига айлантириш умумий мақсад бўлиши лозимлигини қайд этди.


