2026 йил 27–28 октябрь кунлари Брюсселда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: ўзгараётган дунёда ҳамкорлик трансформацияси» мавзусида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи таҳлил марказларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Унда икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир Европа ташқи алоқалар хизмати бош қароргоҳида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари иштирокида ўтказилди. Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили офиси ҳамда Европа Иттифоқининг Хавфсизлик тадқиқотлари институти (EUISS) томонидан ташкил этилди.
Форум Самарқандда ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитининг амалий давоми бўлди. Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки минтақа етакчи таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Муҳокамаларда минтақалараро ҳамкорлик истиқболлари, халқаро хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Форумда сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов икки минтақа таҳлил марказларининг илк учрашуви Европа ташқи алоқалар хизмати бош қароргоҳида ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу Марказий Осиёнинг Европа кун тартибидаги аҳамияти ортиб бораётганини ҳамда томонларнинг янада чуқур ва мазмунли ҳамкорликка интилишини кўрсатади.
СМТИ директори Марказий Осиё иқтисодий ва геосиёсий аҳамиятга эга мустақил марказ сифатида шаклланаётганини қайд этди. Минтақада йиллик иқтисодий ўсиш 6 фоиздан юқори бўлиб, 2050 йилга бориб аҳоли сони 100 миллион кишидан ошиши мумкин.
Айни пайтда Марказий Осиёнинг транспорт тугуни ва ўта муҳим ресурслар манбаи сифатидаги роли кучаймоқда. Минтақа ичидаги ҳамкорликнинг чуқурлашуви, савдо ва инфратузилманинг ривожланиши ягона иқтисодий маконнинг босқичма-босқич шаклланиши учун асос яратмоқда.
Бу шароитда Марказий Осиёнинг Европа билан алоқалари аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. 2025 йил апрель ойида Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган биринчи «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити ўзаро муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлди. Унинг якунлари бўйича минтақалар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Саммитда Ўзбекистон раҳбари муносабатларнинг янги формати аниқ қарорлар, лойиҳалар ва дастурлар билан бойитилиши зарурлигини таъкидлаган эди. Президент илгари сурган ташаббуслар қаторида йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма инвестиция платформасини яратиш, инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича кўп томонлама битим тузиш, қўшма савдо палатасини ишга тушириш, ташқи ишлар вазирлари учрашувларини мунтазам ўтказиш, Парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этиш ва етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини кенгайтириш бор.
Ушбу таклифларни ривожлантирган ҳолда Элдор Арипов шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳар икки томоннинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олишни талаб этишини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик Марказий Осиёнинг бошқа шериклар билан алоқаларини тўлдириши, инвестиция ва технологияларни жалб этиш, янги бозорларга чиқиш ҳамда транспорт йўналишларини диверсификация қилиш имкониятларини кенгайтириши лозим.
«Биз учун Европа Иттифоқи билан шериклик — бошқа шериклар билан ҳамкорлик қилиш эркинлигини сақлаган ҳолда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, бозорларни диверсификация қилиш ва янги технологияларни жалб этиш имкониятидир», — деди Элдор Арипов.
Унинг қайд этишича, ҳамкорлик томонларга ривожланиш суръатлари ва қарор қабул қилиш эркинлигини сақлаган ҳолда ташқи муаммоларни енгиб ўтишга ёрдам бериши керак. Бунинг учун жорий геосиёсий вазиятга боғлиқ бўлмаган узоқ муддатли мажбуриятлар ва барқарор ҳамкорлик механизмлари зарур.
Шерикликни амалий мазмун билан бойитиш борасида СМТИ директори бир нечта истиқболли йўналишни кўрсатиб ўтди. Улар қаторида ўта муҳим минералларни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш, сув ва иқлим билан боғлиқ хавф-хатарларга бардошлиликни ошириш, шунингдек, транспорт алоқалари, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши доирасидаги ташувлар самарадорлигини ошириш бор.
Шунингдек, инсон капиталини, касбий таълим ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш, қонуний меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистонда хавфсизлик чораларини иқтисодий ривожланиш ва таълим ташаббуслари билан уйғунлаштириш орқали барқарорликни таъминлашга кўмаклашиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Сўзининг якунида Элдор Арипов бугунги асосий вазифа эришилган келишувлар ва белгиланган сиёсий йўналишларни амалда рўёбга чиқаришдан иборат эканини таъкидлади.
«Бугун белгиланган сиёсий йўналишларни аниқ лойиҳалар ва амалий натижаларга айлантириш муҳим. Шериклигимиз самарадорлиги айнан шу мезон асосида баҳоланиши лозим», — деди СМТИ директори.
Ушбу жараёнда экспертлар ҳамжамиятининг алоҳида ўрнини қайд этган Элдор Арипов таҳлил марказларини Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга кўмаклашишга чақирди.
Форум иштирокчилари экспертлар мулоқотини давом эттириш ва мазкур платформани мунтазам ҳамкорлик формати сифатида ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.



