Сув аҳоли саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва маҳаллий жамоалар фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга. Сув сифатини мунтазам мониторинг қилиш унинг таркибидаги ўзгаришларни кузатиш, ифлослантирувчи моддаларни аниқлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Миллий экологик мониторинг маркази билан ҳамкорликда Сирдарё ҳавзасидаги трансчегаравий сув оқимлари сифатини кузатиш ишларини қўллаб-қувватламоқда.
Мониторинг доирасида юза сувлари ва туб чўкиндиларининг кимёвий таркиби ўрганилмоқда. Бу мутахассисларга дарёнинг юқори оқимида жойлашган тоғ-кон ва саноат корхоналари чиқиндилари, шунингдек, бошқа ифлосланиш манбалари билан боғлиқ эҳтимолий хавфларни баҳолаш имконини беради.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттуненнинг таъкидлашича, ташкилот бир неча йилдан буён Сирдарё ҳавзасида сув сифати ва ифлосланиш даражасини мониторинг қилишда миллий ҳамкорларга кўмаклашиб келмоқда.
«Сув ва табиий ресурслар давлат чегараларини тан олмайди. Миллий ҳамкорларимиз қўшни мамлакатлар мутахассислари билан яқин ҳамкорлик қилади ва ЕХҲТ кўмагида ўтказиладиган мониторинг натижаларини ўзаро алмашади. Бу жараён шаффофликни оширишга ва умумий экологик муаммоларга ечим топишга ёрдам беради», — деди у.
Миллий экологик мониторинг маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Зафар Қаюмовнинг қайд этишича, ЕХҲТ билан кўп йиллик ҳамкорлик экологик таҳлил соҳасида миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Мониторинг натижалари ифлосланиш тенденцияларини кузатиш, аҳоли ва экотизимлар учун эҳтимолий хавфларни баҳолаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қарорлар қабул қилишда илмий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори сув сифатини мониторинг қилиш ва трансчегаравий маълумотлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш орқали экологик хавфларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда умумий сув ресурсларини барқарор бошқаришга кўмаклашмоқда.


