Ўзбекистон корхоналари 2027 йил учун маҳсулот ва хизматлар сифати соҳасидаги ютуқлар учун МДҲ мукофотини қўлга киритиш бўйича 11-танловда иштирок этиши мумкин. Ғолиблар ўз маҳсулотлари ва хизматларининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини тасдиқлаш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.
Танлов ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Унинг асосий мақсади маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, илғор тажрибани оммалаштириш ҳамда МДҲ мамлакатларидаги рақобатбардош ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танловда ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган, маҳсулот ва хизматлар сифатига алоҳида эътибор қаратадиган корхоналар иштирок этиши мумкин.
Иштирокчиларга қўйиладиган асосий талаблар:
- Барқарор сифат: маҳсулот ёки хизматлар сўнгги икки йил давомида юқори стандартларга жавоб бериши керак.
- Экспорт: корхона маҳсулотлари камида битта МДҲ мамлакатига экспорт қилиниши лозим.
- Самарали бошқарув: сифатни бошқариш тизими, ишлаб чиқариш самарадорлиги, инновацияларни жорий этиш ва истеъмолчилар қониқишини ошириш бўйича ишлар баҳоланади.
Танлов иштирокчилари тўртта йўналиш бўйича баҳоланади:
- ишлаб чиқариш-техника мақсадларига мўлжалланган маҳсулотлар;
- халқ истеъмоли товарлари;
- озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари;
- хизматлар.
В. Новиков


