Депутатлар геологлар билан ер ости сувларини муҳофаза қилиш муаммоларини муҳокама қилди, соҳавий ташкилотлар фаолияти билан танишди ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотлар фаолияти билан танишди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Давра суҳбатида ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш муаммолари, амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди. Учрашув якунида вазирлик ва парламент қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжат ер ости сувларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, биргаликда назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлашни назарда тутади.
Иштирокчиларга 2026 йил 21 апрелда қўмита томонидан Самарқанд ва Навоий вилоятларида ер ости сувлари ҳолати ўрганилиши якунлари бўйича қабул қилинган қарор ижроси ҳақида маълумот берилди. Унда кўрилган чоралар, эришилган натижалар ва сақланиб қолаётган муаммоларга эътибор қаратилди.
Депутатлар «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолияти билан ҳам танишди. Уларга ер қаъридан фойдаланиш участкаларини аукционга чиқариш, рухсатномалар бериш, соҳадаги фаолиятни назорат қилиш тартиби ва тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар тушунтирилди.
«Ўзбекгидрогеология» муассасасида ер ости сувлари ва хавфли геологик жараёнларни давлат мониторингидан ўтказиш, ҳудудий гидрогеология станциялари ҳамда вазиятлар маркази фаолияти муҳокама қилинди. Рухсатномалар бериш ва соҳавий идоралар ўртасида ахборот алмашинувига алоҳида эътибор қаратилди.
«ГИДРОИНГЕО» институтида депутатларга илмий-тадқиқот лабораториялари, ер ости сувларини рақамлаштириш ва моделлаштириш бўйича ишланмалар, шунингдек, кимё лабораториясининг имкониятлари намойиш этилди. Ташриф Давлат геология музейига экскурсия билан якунланди.
В. Новиков


