Беларусь Бош вазири ўринбосари Наталья Петкевич Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова билан учрашди. Томонлар болалар онкологияси, фармацевтика ва инклюзив таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар давомида Беларусь томони онкологик ва гематологик касалликлар, шунингдек, туғма иммунитет танқислиги мавжуд болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш миллий тизимининг имкониятларини тақдим этди.
Беларусь Республикаси Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси республика илмий-амалий марказида даволашнинг замонавий, юқори технологик усуллари қўлланилади. Улар қаторига гемопоэтик ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш, кам инвазив ва аъзоларни сақлаб қолишга қаратилган жарроҳлик амалиётлари, CAR-T терапияси ҳамда ДНК вакциналаридан фойдаланиш киради.
Учрашувда дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Наталья Петкевич Беларусь илғор технологиялар ва илмий ишланмалар билан бўлишишга тайёр эканини билдирди.
Беларусь Бош вазири ўринбосарининг таъкидлашича, ҳамкорликдан юқори амалий натижа олиш учун томонлар ўртасида тажриба ва билим алмашинуви йўлга қўйилиши, ҳар икки томон ҳам ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Музокараларнинг яна бир мавзуси инклюзив таълим бўлди. Беларусь томони психофизик ривожланишида ўзига хос хусусиятлари бўлган болаларни ўқитишни ташкил этиш тажрибасини тақдим қилди. Келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатда бундай болаларнинг 75 фоиздан ортиғи интеграциялашган таълим шароитида оддий таълим муассасаларида таҳсил олади.
Беларусда махсус таълим муассасалари, шунингдек, коррекцион-ривожлантирувчи таълим ва реабилитация марказлари ҳам ривожлантирилмоқда. Хусусан, жорий йилда аутизм спектри бузилишлари ва ривожланишида бошқа хусусиятлари бўлган болаларнинг сенсор интеграциясини ривожлантириш учун маҳаллий тренажёр мажмуаси ишлаб чиқилди. Ушбу ускуналар 24 та ихтисослаштирилган марказга етказиб берилди.
Учрашув соғлиқни сақлаш, тиббий технологиялар ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун майдон бўлди.


