2027 йилдан бошлаб фуқароларни чет элда ишлашга тайёрлаш хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Тил ўрганиш ва касбий тайёргарлик дастурлари уч ойдан олти ойгача узайтирилади. Бу ҳақда Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ва Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) вакили Андрей Грей ўртасидаги учрашувда келишиб олинди.
Шунингдек, томонлар Швеция билан меҳнат мобиллиги бўйича пилот лойиҳани ишга туширишни режалаштирмоқдалар. Жўнаб кетишдан олдин фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари, шартнома шартлари, молиявий саводхонлик ва онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш усуллари билан таништирилади. INTIL маркази ўқитиш майдончаларидан бирига айланади.


