Ўзбекистон Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш тамойилларини белгилаб берувчи «Артемида» келишувларини имзолаган 77-мамлакат бўлди. Ҳужжат АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан икки томонлама музокаралар якунлари бўйича имзоланди.
Келишувларга қўшилиш NASA ва бошқа иштирокчи мамлакатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар очади. Жумладан, Ўзбекистон миллий кадрларни тайёрлашни кенгайтириш ва космик технологиялардан фойдаланиш имкониятларини қўлга киритишни режалаштирмоқда.
«Артемида» келишувлари космосни хавфсиз, шаффоф ва тинч мақсадларда ўзлаштиришнинг умумий тамойилларини белгилайди. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва илмий маълумотлар алмашинувини ҳам назарда тутади.


