Ўзбекистонда 2027 йил ноябрь ойида болалар ва аёлларнинг аҳволи ҳақида маълумот тўплаш ва таҳлил қилишга қаратилган кўп кўрсаткичли кластер тадқиқоти ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасининг 556-сон қарори 2026 йил 14 октябрда кучга кирди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Тадқиқот Миллий статистика қўмитаси ва ЮНИСЕФ томонидан ташкил этилади. Тайёргарлик босқичи 2026 йил октябридан 2027 йил июнига қадар давом этади. Ушбу даврда тадқиқот учун хонадонлар танланмаси белгиланади, сўровномалар ишлаб чиқилади ва синовдан ўтказилади, бюджет шакллантирилади ҳамда интервью олувчилар ўқитилади.
Сўровлар планшетлардан фойдаланган ҳолда, шахсий суҳбат усулида ўтказилади. Маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш 2028 йил март ойига қадар якунланиши режалаштирилган. Миллий ҳисобот июнь ойигача тайёрланади, натижалар эса июль ойида эълон қилинади.
Ишларни мувофиқлаштириш учун Миллий тармоқлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилади. Кенгаш тадқиқот режаси ва бюджетини тасдиқлайди, сўровномаларни келишади, ишлар сифатини назорат қилади ҳамда якуний ҳисоботни кўриб чиқади.
Мониторинг Давлат бюджети, халқаро ва донор ташкилотлар маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Зарур ҳолларда халқаро экспертлар ҳам жалб этилади.
Тадқиқот давомида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва сўровларга берилган жавоблар махфийлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Тиббий маълумотлардан фақат статистик мақсадларда ва белгиланган доирада фойдаланишга рухсат этилади. Мониторингга кўмаклашувчи ташкилотларга хонадонлар ўртасидаги сўровларга аралашиш тақиқланади.
Тадқиқот натижалари асосида тегишли вазирлик ва идоралар ўз йўналишлари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. Таклифларни тайёрлашни 2028 йил ноябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.


