Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 2025 йил якунларига кўра 98 тонна олтин ишлаб чиқарди ва ушбу қимматбаҳо металлни ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик корхоналар қаторидан ўрин олди. 2030 йилга бориб компания ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 125 тоннагача — жорий кўрсаткичга нисбатан тахминан 30 фоизга оширишни ният қилган. Бундай маълумотлар Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги баҳолашида келтирилган.
НКМК Ўзбекистон иқтисодиётида стратегик роль ўйнайди. Мамлакатдаги олтин қазиб олишнинг 80 фоиздан ортиғи комбинат ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, у энг йирик солиқ тўловчилар ва иш берувчилар қаторига киради. Давлат компанияга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги орқали эгалик қилади.
НКМК таркибига 12 та йирик кон-руда майдони, еттита завод ва иккита уюмда ишқорсизлантириш цехи киради.
Комбинатнинг асосий активи — Мурунтов конидир. Компаниянинг олтин қазиб олиш ҳажмининг қарийб 70 фоизи ва захираларининг 80 фоиздан ортиғи ушбу кон ҳиссасига тўғри келади. Fitch Ratings баҳолашига кўра, коннинг мавжуд захиралари тахминан 25 йилга етади. Қолган конлар захираларини JORC халқаро кодекси бўйича баҳолаш ишлари ҳали давом этмоқда.
Ишлаб чиқаришни ошириш учун НКМК Мурунтовни ўзлаштиришни кенгайтириш ва камбағал рудаларни қайта ишлаш бўйича қўшимча гидрометаллургия заводини қуришни ният қилган. Ривожлантириш дастури, шунингдек, иккита янги кумуш конини ўзлаштириш ва таркибида кумуш бўлган рудаларни қайта ишловчи корхона ташкил этишни назарда тутади.
Шу тариқа, комбинат нафақат олтин қазиб олишни оширишни, балки янги конларни ўзлаштириш ҳамда металл миқдори пастроқ бўлган рудаларни қайта ишлаш ҳисобига хомашё базаси ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришни мўлжалламоқда.
В. Новиков


