Австриянинг «IMC Krems» амалий фанлар университети ҳамда Ўзбекистон Профессионал таълим агентлиги ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик битими имзоланди. Келишувга кўра, Наманган ва Бухорода турисзм соҳаси учун малакали мутахассислар ҳамда ўқитувчиларни тайёрлашга ихтисослашган иккита марказ очилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг муҳим хусусияти шундаки, машғулотларнинг камида 60 фоизи амалиётдан иборат бўлади. Марказлар ҳузуридаги ўқув меҳмонхоналарида талабалар меҳмонхона хўжалигини бошқариш ва ресторан сервиси бўйича амалий кўникмаларни эгаллайдилар. Шунингдек, «Train-the-Trainer» модели бўйича маҳаллий педагогларни ўқитиш ва сертификатлаш кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу Австрия университети Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан биргаликда 200 дан ортиқ талабани австрия стандартлари бўйича ўқитмоқда.


