Ўзбекистонликларнинг 52 фоизи соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли имкониятларига юқори баҳо берди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
9,010участниковПодписаться
- Advertisement -

STADA Health Report 2026 халқаро тадқиқотига кўра, мамлакат аҳолисининг 82 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизимидан қониққан, 55 фоизи эса саломатлик билан боғлиқ масалаларда сунъий интеллектдан фойдаланади.

Тошкент, 7 октябрь. STADA фармацевтика компанияси STADA Health Report 2026 халқаро тадқиқоти натижаларини тақдим этди. Унга кўра, Ўзбекистонда сўровда қатнашганларнинг 52 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизими рақамли тиббий воситалар ва хизматлар билан яхши таъминланганини қайд этган. Тадқиқотда иштирок этган 20 мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич 28 фоизни ташкил этган.

Тадқиқот натижаларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 82 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизимидан қониқишини билдирган. Бу кўрсаткич бир йилда 13 фоиз пунктга ошган. Тизимдан тўлиқ қониққанлар улуши эса 2025 йилдаги 7 фоиздан 2026 йилда 22 фоизга етган. Таққослаш учун, 20 мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич 56 фоизни ташкил қилган.

Респондентларнинг 65 фоизи дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини, 64 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозлар даврида кўрсатиладиган ёрдамни, 62 фоизи кексаларга ғамхўрликни ва 57 фоизи профилактик тиббий ёрдамни ижобий баҳолаган.

Саломатлик билан боғлиқ масалаларда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда. Ўзбекистонликларнинг 55 фоизи ушбу технологиядан фойдаланишини билдирган. 35 ёшгача бўлган респондентлар орасида бу кўрсаткич 69 фоизга етган.

Сўров иштирокчиларининг 21 фоизи шифокорга мурожаат қилганидан кейин қўшимча фикр олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланишини айтган. Халқаро тадқиқот бўйича бу кўрсаткич 16 фоизни ташкил этади. Бироқ респондентларнинг ярми шифокорга бориш ўрнига сунъий интеллект билан маслаҳатлашишга тайёр эмас. 47 фоизи эса сунъий интеллект қўйган ташхисга тиббиёт мутахассиси ташхиси билан бир даражада ишонишга тайёр эмаслигини билдирган.

Шу билан бирга, соғлиққа оид қарорлар қабул қилишда шифокорлар ва яқин кишиларнинг ўрни сақланиб қолмоқда. Респондентларнинг 55 фоизи тиббиёт мутахассислари фикрига, 53 фоизи турмуш ўртоғи ёки ҳамкорининг фикрига, 49 фоизи оила аъзоларининг маслаҳатига таянишини қайд этган. Фармацевтлар ва дорихона ходимлари фикрини ҳисобга оладиганлар улуши 43 фоизни ташкил этган.

Тадқиқотга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 85 фоизи ўз саломатлигини тўлиқ ёки асосан назорат қила олишига ишонади. 20 мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич 78 фоизга тенг. Респондентларнинг 48 фоизи эса соғлиқ масалаларида хабардор бўлиш учун асосий масъулият инсоннинг ўзи зиммасида деб ҳисоблайди.

Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича асосий талаблардан бири тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўлиб қолмоқда. Сўров иштирокчиларининг 59 фоизи қишлоқ жойларда ва тиббий хизматлар етарли даражада мавжуд бўлмаган ҳудудларда ёрдам олиш имкониятини яхшилашни устувор вазифа деб ҳисоблаган. 36 фоизи бирламчи тиббий ёрдамдан фойдаланишни осонлаштиришни, 35 фоизи эса навбатларни қисқартириш ва тиббиёт мутахассислари сонини кўпайтиришни муҳим деб кўрсатган.

Профилактик тиббий кўриклардан ўтиш борасида эса муаммолар сақланиб қолмоқда. Мамлакат аҳолисининг 48 фоизи мавжуд профилактик кўрикларнинг бирортасидан ҳам ўтмаган. 20 мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич 33 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда барча мавжуд профилактик кўриклардан ўтадиганлар улуши эса атиги 16 фоизга тенг.

Маълумотларга кўра, профилактик кўриклардан ўтмайдиган аҳоли улуши 2023 йилда 25 фоиз, 2025 йилда 39 фоиз ва 2026 йилда 48 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, респондентларнинг 32 фоизи қўшимча маблағга эга бўлса, уни биринчи навбатда профилактик кўриклар ва скрининг текширувларига сарфлашини билдирган.

STADA Health Report 2026 тадқиқоти Human8 халқаро тадқиқот компанияси томонидан 2026 йил февраль–март ойларида онлайн сўров шаклида ўтказилган. Унда 20 мамлакатдан 18 ёшдан 99 ёшгача бўлган 19 514 нафар респондент иштирок этган. Ўзбекистон мазкур тадқиқотда тўртинчи марта қатнашган.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистон ҳукумати хусусийлаштиришдан камида 1,2 млрд доллар тушум олишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ҳукумати 2026 йил охирига қадар давлат мулкини хусусийлаштириш орқали камида 14 трлн сўм (тахминан 1,2 млрд доллар) тушум...

Больше похожих статей