Президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бўйича тақдимотлар билан танишди.
Янги авлод дарсликларини жорий этиш доирасида 2027 йилга қадар 1 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар тайёрланади. Янгиланган таълим мазмунида ўқувчиларнинг танқидий ва мустақил фикрлаши, креативлиги, рақамли, молиявий ва экологик саводхонлигини ривожлантиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда 5 мингта мактабда янги баҳолаш тизими амалиётга киритилган.
Олий таълим соҳасида дуал таълим қамровини кенгайтириш ва учнчи ҳамда тўртинчи босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшларни ушбу тизим билан қамраб олиш вазифаси қўйилди. Бунда кадрлар тайёрлашда корхоналар иштирокини кучайтириш ва ўқишни амалиёт билан бирга олиб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, Хива шаҳрида Хитойнинг Ляонин педагогика университети филиалини ташкил этиш ва унда хитой тилини халқаро ўқитиш, халқаро бизнес, туризмни бошқариш ҳамда сунъий интеллект йўналишларини очиш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари мутасаддиларга таълим сифатини ошириш ва дуал таълимни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан мувофиқлаштириш бўйича тегишли топшириқлар берди.


