Маҳалла бошқаруви: ислоҳотни пастдан бошлаш лозим

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,990участниковПодписаться
- Advertisement -

Мамлакатимизда маҳалла тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, МФЙлар фаолиятини ташкил этишга салмоқли мабалағ ажратилмоқда, маҳалла раиси ва “еттилик”нинг бошқа аъзоларига тегишли ваколатлар берилган. Аммо нега шунча эътиборга қарамасдан маҳаллалар кўнгилдагидек ишни ташкил этиб, аҳолининг оғирини енгил қилишга эришмаяпти?

Бу саволга жавоб тариқасида давлатимиз раҳбари 16 июл куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида билдирган хулоса қуйидагича: “Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик”.

Хўш, нега масъулият ва ташаббускорлик етишмаяпти? Ушбу камчиликларни бартараф қилиш учун нималар керак? Қандай йўл тутмоқ зарур?

Камина етти йил давомида маҳалла раиси сифатида тўпланган тажрибамга, ҳамкасблар фаолиятни кузатиш натижасида келган хулосаларимга таяниб, бир қатор  таклифларни ўртага ташламоқчиман.

Менимча, энг муҳими, маҳалла бошқарув тизимини ислоҳ қилишни юқоридан эмас, пастдан бошлаш лозим. Тизимга раҳбарлик қилаётганларни тепада бўладими, пастдами алмаштириш билан кўп нарса ўзгармайди. Ҳатто маҳалла раисларининг ўзини ҳам алмаштириш билан чеклашдан катта натижа кутиш мумкин эмас. Таҳлил қилиб кўрилсин қани ишдан бўшатилган раислар ўрнида сайланганларнинг иши қанчалик самарали бўлган?

Шу кунларда маҳалла олдига қўйилган вазифаларни ечишга, “еттилик”ни самарали бошқаришга барча МФЙ раислари қодирми? Афсуски, бу саволга тасдиқ жавобини беролмаймиз.

Маҳалла бошқарувини самарали ташкил қилиш бўйича 24 июнда имзоланган Президент фармонида маҳалла раиси учун 26 та асосий вазифа тавсия этилган. Олдингиларга қараганда маҳалла раисига янги вазифалар ҳам юклатилган. Уларни санаб ўтамиз.

1.Энди маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши керак. 2.Маҳалла раиси аҳолининг ҳуқуқий ахборот манбаига айланмоғи лозим. 3.Ҳал этилмаган муаммоларни туман (шаҳар) ҳокимига киритишнинг механизмини белгилайди. 4.Туман (шаҳар) халқ депутатлари сессиясига ҳар чоракда ҳисобот беради. 5.Бошқарув сервис компанияси фаолиятини назорат қилади. 6.Очиқ мулоқот ва жамоатчилик билан ишлашнинг янги стандартини жорий қилади.

Агар диққат билан таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги маҳалла раиси бошқарув илмидан, иқтисодиёт ва молиядан, қонунчилик ва замонавий технология (энг оддийси – компьютердан фойдаланиш)дан хабардор бўлмоғи лозим. Хўш, шунча қобилият ва бошқарув маҳорати барча маҳалла раисларида борми?

Агар бўлганида, тизимда кўплаб камчиликлар мавжудлиги ҳақида бунча гапирилмасди, маҳалла раиси ва “еттилик”нинг бошқа аъзолари ҳақида аҳолининг фикри бу даражада салбий тус олмасди. 

Яқинда “Фейсбук”нинг “Халқ назорати – Народный контроль” гуруҳида эълон қилинган “Маҳалла еттилиги керакми?” деган пост остида 100 тага яқин муносабат билдирилиб, шарҳ қолдирилган ва деярли ҳаммасида “керак эмас” дейилган ёки маҳалла тизимига нисбатан салбий фикр билдирилган.  Масъулларимиз шу фактга эътибор қаратишларини истардим. Аҳоли тизим ва унинг ходимлари фаолиятидан нега норози? Ким бу муаммони ўрганади? Кўпчиликни йиғиб ура-ура қилиб, бир-биримизни мақтамасдан, оддий аҳоли фикрини ўрганайлик, нега шунча ҳаракат самарасини айрим фуқаролар сезмаяпти?

Маҳалламизга, ҳузуримга биздаги ҳолатдан хабар топиб, бошқа маҳаллалардан вакиллар келади. Биздаги мавжуд ҳолат билан танишиб, аҳоли муаммоларига бўлган муносабатимизни эшитиб, “нега бизнинг маҳаллада бу гаплар йўқ?” деган саволни ўртага ташлайди. Ушбу ҳолатлар таҳлили асосида қуйидаги таклифни ўртага ташламоқчиман.

Маҳалла раиси зиммасидаги вазифани ҳозир бир киши тўлақонли бажара олмайди. Маҳалла уюшмасидан, ҳокимиятдан, прокуратурадан, солиқ, кадастр, статистика ва бошқа идоралардан, Мудофаа ишлари бўлими, Ободонлаштириш бошқармасидан келадиган топшириқларни бажариши, турли хил жадваллару ҳисоботларни тўлдириши, йиғилишларда қатнашиши унга аҳоли муаммолари билан ишлашга вақт қолдирмайди. Шунигдек, ҳуқуқ тарғиботчиси бўлиш учун қонунчиликдан яхши хабардор бўлмоғи, маҳалла маблағини тасарруф қилиш учун молия ва иқтисодиётни билиши, котибаси бўлмаган идора раҳбари сифатида замонавий технологиядан, ҳеч бўлмаса, компьютердан фойдаланишни билиши, “еттиликка” раҳбарлик қилиш ва аҳоли билан ишлаши учун бошқарув илмидан хабардор бўлмоғи зарур. Булар маҳалла раиси бажаражиган вазифаларнинг бир қисми.

Ана шунча ташвишу юмуш зиммасида бўлган маҳалла раиси аҳоли билан ишлашга вақт топармиди? Энг ёмони шуки, тизим тепасида бўлганлар раис маҳалла ўлик-тириги (тўй-маърака, жаноза)да қатнашмаса ҳам, уларнинг, яъни раҳбарлар топшириғини сўзсиз бажариши лозимлигини очиқ уқтириб келишмоқда.

Ахир, маҳалла анъаналари ҳақида, у ўзига хос ноёб тузилма эканлиги хусусида бонг урамиз. Маҳаллага, унинг раиси ва фаолларига бўлган ҳурмат уларнинг халқ дарди билан яшаб келганлиги, оғирини енгил қилишда қатнашгани туфайли шаклланган эмасми?! Маҳалла аҳлидан узоқ бўлган раиснинг нуфузи, имижи “ноль” бўлгани ҳолда, унга ҳеч ким эргашмайди ва айтганини қилмайди.

Ана шуларни инобатга олиб, ҳозирда маҳалла раиси зиммасида бўлган вазифани иккига бўлиш зарур, деб ҳисоблайман. Маҳалла раиси ўринбосари лавозими жорий этилсин ва маҳалла ичидаги барча вазифалар унинг зиммасига юклатилсин. Булар – тўй-маъракаларни тартибли ўтказиш, маҳалладаги оилавий жанжалларни ҳал этиш, маҳалла ободлигига масъуллик. Бу вазифаларни ёши катта, обрў-иззатга эга нуронийга топшириш мақсадга мувофиқ.

Қолган ишларни маҳалла раиси бажарсин. Раис иқтисоду молиядан хабардор, одамлар бошини қовуштиришга лойиқ, замонавий технологиядан фойдалана оладиган, нисбатан ёшроқ шахс бўлсин. Бу ишга жалб қилиш учун лавозимнинг жозибадорлигин ошириш лозим. Биринчи навбатда, ойлик маоши масаласини кўриб чиқиш талаб этилади. 1 сентябргача биз, самарқандлик раислар, 4,4 миллион сўм маош олардик. Энди, 1 сентябрдан бошлаб бунга 7 фоиз қўшилди. Бу маошга, табиийки, ишнинг кўзини биладиган ёшлар ёки ўрта ёшдагилар келмайди.

Муаммони ечиш йўли мавжуд. Ҳоким ёрдамчилари штатини қисқартириб, улар олган маошни маҳалла раисига тайинлаб, раис ўринбосарига ҳозирги раис маошини бериш мумкин. Ҳоким ёрдамчиси вазифасининг анча қисми ижтимоий ходим ва банк хизматчисига ўтган, қолганини маҳалла раиси бажариши мумкин. Ҳозирги ҳоким ёрламчиларини ўзи яшайдиган маҳалла раислигига тавсия этилса, улар яхши ишлаб кетиши мумкин.

Яна бир муаммо ҳал этилиши лозим. Афсуски, шу вақтгача маҳалла раисларининг аниқ статуси ишлаб чиқилмаган. Худди маориф ва соғликни сақлаш ходимларидек, уларни ортиқча юкламалардан озод қилиш зарур. Маҳалла раиси статусини янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунда мустаҳкамлаш лозим, деб ўйлайман. Уч йилдан бери янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ҳақида сўз юритилади. Аммо ҳанузгача ундан дарак йўқ…

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон МФЙ раиси, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Таиландда кучли ёғингарчиликлар сабабли Бангкокнинг барча туманларини сув босди

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бир неча кундан буён давом этаётган кучли жала сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Айрим ҳудудларда...

Больше похожих статей