Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 508-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 24 декабридан эътиборан Тошкент шаҳрида ушланган автомобилларни жарима майдончасига олиб келиш, сақлаш ва олиб чиқишнинг янги тартиби кучга киради.
Янгиликнинг асосий моҳияти шундаки, барча жараёнлар «Жарима майдончаси» модули орқали тўлиқ электрон форматга ўтказилади. Янги тартибга кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқаришдан четлатилган тақдирда, автомобиль жарима майдончасига фақат махсус техника — эвакуатор ёки манипулятор ёрдамида етказилади. Мажбурий тўхтатиш сабаблари бартараф этилгач, машинани олиб чиқиш учун мансабдор шахс томонидан QR-кодли электрон рухсатнома расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжат бир иш куни ичида тизим орқали тегишли ташкилотга юборилади ва ҳайдовчининг телефонига SMS-хабарнома келади. Бундан буён қоғоз шаклидаги ёки электрон тизимдан ташқари берилган ҳеч бир рухсатнома асосида транспорт воситасини жарима майдончасидан олиб чиқишга йўл қўйилмайди.


